Кириш Регистрация
13/08 19:00 Сурхон - Сўғдиёна
13/08 19:00 Андижон - Нефтчи
13/08 20:30 Бухоро - ОКМК
14/08 19:00 Навбаҳор - Бунёдкор
14/08 20:00 Динамо - Хоразм
14/08 20:30 Қизилқум - Машъал

Анвар Ғофуров: «Беҳруз Каримов катта эҳтимол билан хорижга кетади»

Баҳо:
+ | -

«Андижон» – «Сурхон» (1:2) ўртасидаги учрашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Анвар Ғофуров иштирок этди.

— Осон ўйин бўлмаслигини билгандик. Чунки мураббийлар ўзгарганидан кейин «Андижон»да ўсиш бўлди. Шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Бизнинг ўзимизга яраша хос ва мос ўйинимиз бор. Шуни таклиф қилишга ҳаракат қилгандик, балки ўйиннинг ҳар эпизодида ўхшамаган бўлиши мумкин, лекин яхши тарафлари кўп бўлди, деб ўйлайман. Бу – футбол. Хатосиз ҳеч нарса бўлмайди. Кимдир хато қилади ва кимдир бу вазиятдан фойдаланиб кетади.

— Жароҳат олиб майдонни эрта тарк этган Даврон Мергановнинг ҳолати қандай?
— Озгина мия чайқалиши бор. Чуқурроқ таҳлил қилинганидан кейин бир нарса деса бўлади.

— Асосий футболчилар – Чинеду, Потапов, Неъматхонов каби футболчиларнинг жамоани тарк этишига сабаб нима бўлди?
— Улар учун мен жавоб бера олмайман. Ҳар биттасининг ўз фикри бор ва қандайдир ўз истаклари бўйича жамоадан кетишди. Кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш, кимдир молиявий тарафдан, ҳаммада ҳар хил, улардан сўраш керак. Биз ўз ишимизни давом эттирамиз. Бизда ёш футболчиларимиз бор. Нима бўлишидан қатъи назар «Сурхон» бўлади, футболчи келадими ёки кетадими, бунинг фарқи йўқ. «Сурхон» барибир фаолиятини давом эттиради.

— Беҳруз Каримов қайдномада ҳам йўқ эди.
— Беҳруз Каримов жаҳон чемпионатидан кейин бу йил унинг учун катта «нагрузка» бўлди. Қишда умуман дам олгани йўқ. Ўз ёшида терма жамоа билан йиғинда бўлди. Кейин U20 термасига чақиришди. Сўнгра U23 термасига ва ундан кейин миллий жамоага жалб қилишди. Шу боис у умуман дам олгани йўқ. Унга ўзини тиклаб олиш учун дам берилди. Катта эҳтимол билан хорижга кетади. Бизнинг ишимиз жамоадаги бор ўйинчилар билан ишлаш. Беҳрузга эса дам берилган, мен буни тўғри тушунаман. У ҳам одам, робот эмас.

— Бир қатор ёш футболчиларни майдонга туширдингиз. Уларнинг ўйинларидан хулосангиз қандай?
— Албатта, режалар бор эди. Биринчи бўлимда дарвозабонимиз жароҳат олганидан кейин режаларга бироз ўзгаришлар киритилди. Ёшлар тушишди, хурсанд бўлиш керак. Кимдадир дебют. Имкониятлар борми, демак, у тўғри ҳаракат қиляпти. Барибир баҳо беришга ҳали эрта. Бугунги ўйин учун ҳаммаси жойида, бутун жамоа яхши ҳаракат қилди.

Манба: https://t.me/andijonpfc
Киритилди: 08:54, 19.07.2026.
Ўқилди: 2638 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик