Украина терма жамоаси ва «ПСЖ» марказий ҳимоячиси Илья Забарний Англия клубининг манфаатлари доирасига тушиб қолди. Франциянинг Foot01 нашри хабарига кўра, «Ливерпуль» 23 ёшли футболчи атрофидаги вазиятни синчковлик билан кузатиб бормоқда.
Хабар қилинишича, сўнгги ҳафталарда Забарнийнинг вакиллари мерсисайдликларга футболчи номзодини таклиф қилишган ва клуб билан музокаралар ўтказишган. «Қизиллар»нинг ҳимоячига бўлган қизиқиши шу билан изоҳланадики, жамоа бош мураббийи Антони Ираола «Борнмут»даги биргаликдаги фаолияти орқали унинг имкониятлари билан жуда яхши таниш.
Шу билан бирга, манбага кўра, трансфер осон кечмаслиги мумкин: ўтган ёзда «ПСЖ» Забарныйни «Борнмут»дан 57 миллион еврога сотиб олган эди ва жиддий таклифсиз футболчи билан хайрлашишни исташи даргумон.
Илья Забарний 2025 йилнинг ёзида «ПСЖ» сафига келиб қўшилган. У жамоа таркибида 37 та ўйинда майдонга тушиб, битта гол урган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, 23 ёшли футболчининг бозор қиймати 40 миллион еврони ташкил этади. Унинг клуб билан шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.













