Англияда янги мавсумдан бошлаб футболчиларга, мураббийларга ва учрашувнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан камситувчи хатти-ҳаракатлар учун жазо чоралари кескин кучайтирилади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Манбага кўра, Англия футбол ассоциацияси (ФА) янги мавсум олдидан интизомий қоидаларни янгилади. Эндиликда этник келиб чиқиш, тери ранги, ирқ, миллат, дин ёки эътиқод, жинс, жинсий ориентация ҳамда ногиронлик билан боғлиқ ҳақоратли ёки камситувчи ҳаракатлар «оғирлаштирилган қоидабузарлик» сифатида баҳоланади.
ФА баёнотида бундай ҳолатлар учун камида 10 та ўйинга дисквалификация стандарт жазо сифатида қўлланиши белгиланган.
Шунингдек, интизом қўмитаси қоидабузарликда оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд деб ҳисобласа, 10 ўйиндан ҳам узоқроқ муддатга четлатиш жазосини қўллаши мумкин.
Қайд этилишича, енгиллаштирувчи омиллар мавжуд бўлса, дисквалификация муддати қисқартирилиши мумкин. Бироқ жазо 6 та ўйиндан кам бўлмайди. Такрорий қоидабузарлик содир этган шахсларга эса янада оғирроқ санкциялар қўлланади.













