3–7-август кунлари Миллий футбол марказида ОФКнинг Элит ҳакамлар семинари (Ғарб минтақаси) бўлиб ўтади. Мазкур нуфузли семинар Осиё футбол конфедерациясининг элит тоифадаги ҳакамлари учун ўтказиладиган энг муҳим ўқув тадбирларидан бири ҳисобланади.
Семинарда ОФК Ҳакамлар департаменти вакиллари, Осиёнинг 92 нафар элит тоифадаги ҳаками, ОФКнинг тажрибали инструкторлари ҳамда ҳакамлар тайёрлаш йўналишидаги етакчи мутахассислар иштирок этади.
Беш кун давом этадиган семинар доирасида замонавий ҳакамлик талаблари, ўйин вазиятларини таҳлил қилиш, қарорлар қабул қилиш сифати, майдондаги бошқарув, жисмоний тайёргарлик ва ВАР тизимига оид энг сўнгги йўриқномалар бўйича назарий ҳамда амалий машғулотлар ташкил этилади.
Шунингдек, Ўзбекистон вакиллари — тажрибали инструктори Валентин Коваленко ва ФИФА ҳаками Илгиз Танташев мазкур семинарнинг Шарқ минтақаси учун Японияда ташкил этиладиган босқичида ҳам фаолият олиб боради.













