Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клуби «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Жек Грилиш учун курашга қўшилди ва англиялик футболчига молиявий жиҳатдан жуда манфаатдор таклиф беришга тайёр. Бу ҳақда журналист Экрем Конурга таяниб Goal портали хабар бермоқда.
Манба хабарига кўра, Саудия Арабистони клуби 30 ёшли футболчига йилига 20–23 миллион евро атрофида маош таклиф қилмоқчи.
Саудия клубининг асосий рақобатчиси Мадриднинг «Атлетико» клуби бўлиб қолмоқда. Қайд этилишича, агар «Манчестер Сити» футболчининг нархи бўйича талабларини пасайтирмаса ёки кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага беришга рози бўлмаса, мадридликлар фаол ҳаракатларни амалга оширмайди.
«Ал-Ҳилол» ва «Атлетико»дан ташқари, Грилишга МЛС клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда. Ўтган мавсумни футболчи ижара асосида «Эвертон»да ўтказди ва у ерда 22 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди ҳамда 6 та голли узатмани амалга оширди. Грилишнинг бозор қиймати 20 миллион еврога тенг.













