Ярим ҳимоячи Исмаэль Беннасер «Милан»ни тарк этди. Goal портали хабарига кўра, 27 ёшли алжирлик футболчи билан шартнома томонларнинг ўзаро розилиги билан бекор қилинган.
Беннасер 2019 йилнинг ёзида «Эмполи»дан 16 миллион евро эвазига «Милан»га ўтган эди. Миланликлар таркибидаги фаолияти давомида у Италия чемпиони ва мамлакат Суперкубоги соҳибига айланди. Охирги икки мавсумни ярим ҳимоячи ижарада ўтказиб, «Марсель» ва Загребнинг «Динамо» клубларида тўп сурди.
Инсайдер Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, Беннасернинг кейинги клуби Қатарнинг «Ал-Ғарафа» жамоаси бўлади. Бозор қиймати 8 миллион еврони ташкил этадиган футболчи ушбу ёзги трансфер ойнасидаёқ янги жамоага қўшилиши кутилмоқда.













