talkSPORT эксперти Тони Каскарино «Арсенал» «Реал» билан янги шартнома имзолаган Винисиус Жуниор ўрнига «Брайтон» вингери Каору Митомани трансфер қилиш вариантини кўриб чиқиши керак, деб ҳисобламоқда.
Аввалроқ Лондон клуби бразилиялик футболчини ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиққан эди. Бироқ Винисиус пайшанба куни мадридликлар билан янги олти йиллик шартнома имзолади.
Энди «Арсенал» чап қанотни кучайтириш учун бошқа вариантларни изламоқда. Каскаринонинг фикрича, Митома лондонликлар учун муносиб номзод бўлиши мумкин.
«Агар у бироз ёшроқ бўлганида ва шунча кўп жароҳат олмаганида, уни жиддий равишда кўриб чиқардим. У жуда хавфли вингер ва рақибларини бирга-бир вазиятда алдашга доимо интилади», — деди Каскарино.
Митома 2021 йилдан буён «Брайтон» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Япониялик футболчи 2024/25 йилги мавсумда АПЛда 10 та гол урган бўлса, сўнгги мавсумда бу кўрсаткич 3 тани ташкил этди. У май ойида сон орти мушакларидан жароҳат олгани сабабли Япония терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун таркибига киритилмади.
talkSPORT эфирида «Арсенал»га Маркус Рэшфордни олиб келиш эҳтимоли ҳам муҳокама қилинди. Бироқ Каскарино англиялик ҳужумчининг ўйинида барқарорлик етишмаслиги сабабли унинг «Арсенал»га ўтиши қанчалик мақсадга мувофиқ эканига шубҳа билдирди.













