Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клуби спорт директори Рой Педро жамоа дарвозабони Эдуар Мендининг трансфер сиёсатига аралашувидан норози экани айтилмоқда.
Tribuna.com манбалари маълумотига кўра, сенегаллик дарвозабон сўнгги ҳафталарда «Ал-Аҳли»нинг бир қатор асосий футболчилари билан жамоа эҳтиёжлари ҳақида суҳбатлашган. Ушбу мулоқотлардан кейин янги ярим ҳимоячи трансферини устувор вазифа сифатида белгилаш таклиф қилинган.
Шундан сўнг клуб раҳбариятига трансфер ойнаси ёпилгунга қадар ярим ҳимоя чизиғини кучайтириш бўйича сўров юборилган. Хабарларга кўра, Педро ушбу ташаббус ортида Менди турганини тезда аниқлаган ва дарвозабоннинг жамоа трансфер сиёсатига кийиниш хонаси орқали таъсир ўтказаётганидан норози бўлган.
Шундан кейин спорт директори ва футболчи ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада ёмонлашган.
Айни вақтда Педро Мендининг клубни тарк этишини истагани ва футболчининг «Ал-Аҳли»даги келажаги ноаниқ бўлиб қолаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Менди 2023 йилдан буён «Ал-Аҳли» шарафини ҳимоя қилмоқда. Унгача сенегаллик дарвозабон «Челси» таркибида ўйнаган.













