Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумкор ярим ҳимоячиси Браим Диас «Депортиво»га қарши ўртоқлик учрашувида (1:0) урган голи ҳақида фикр билдирди.
Марокашлик футболчи биринчи бўлим якунида учрашувдаги ягона голни киритди. Голли узатма эса дарвозабон Андрей Лунин ҳисобига ёзилди — украиналик голкипер тўпни узоқ масофага қўли билан ташлаб, Диасни ҳужумга чиқариб юборди.
«Лунин мени кўрди ва жуда яхши узатма берди. Тўпни кўксим билан қабул қилганимдан кейин рақибдан устунликка эга бўлдим ва бўш ҳудудга чиқиб кетдим. Кейин эса вазиятни яхши якунладим. Чиройли гол бўлди, аммо бу — Лунининг хизмати», — деди Диас ўйиндан кейинги интервьюда.
«Реал» навбатдаги мавсумолди учрашувини 16 август куни ўтказади. Мадридликларнинг рақиби Германиянинг «Шальке 04» клуби бўлади.













