"Барселона" ярим ҳимоячи Марк Берналга ишонч билдиришда давом этмоқда. Турли миш-мишларга қарамай, "кўк-анорранглилар" Родрини ўз сафига қўшиб олган тақдирда ҳам 19 ёшли футболчи билан хайрлашишни режалаштирмаяпти.
Sport маълумотига кўра, чоршанба куни "Барселона" спорт директори Деку ёш ярим ҳимоячининг агентлари билан учрашди. У музокаралар чоғида Бернал клуб лойиҳасининг муҳим қисми бўлиб қолишини аниқ билдирган. "Барселона" футболчига ҳам ҳозир, ҳам узоқ муддатли истиқболда ишонч билдирмоқда.
Шунингдек, клуб сентябрь ойида Берналь билан янги шартнома бўйича музокара ўтказишни режалаштирмоқда. Янги келишувга кўра, футболчининг маоши сезиларли даражада оширилиши ва шартнома 2031 йилга қадар амал қилиши кутилмоқда.
Родрининг "Барселона"га трансфери ҳозирча тўлиқ ҳал қилингани йўқ. Бироқ яқин вақт ичида Каталония клуби "Манчестер Сити" билан келишувга эришиши кутилмоқда.













