"Коринтианс" Мемфис Депайни жамоада олиб қолиш масаласида молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу ҳақда Globo хабар берди.
Манба маълумотига кўра, асосий муаммо янги келишувнинг умумий қиймати билан боғлиқ. Депай билан шартномани узайтириш, аввалги қарзларни ҳам ҳисобга олганда, клубга тахминан 25 млн еврога тушиши мумкин. "Коринтианс" раҳбарияти эса бу суммани қарийб 5 млн еврога камайтиришни истамоқда.
Клуб президенти Осмар Стабиле музокараларни давом эттиришдан олдин "Коринтианс" кенгашининг бу масала бўйича хулосасини кутмоқда.
Аввалроқ Бразилия клуби Депайга тақдим этилган таклифни қайтариб олган эди. Бироқ бир неча кун ўтиб, томонлар музокараларни қайта тиклади. Энди "Коринтианс" бир вақтнинг ўзида футболчини сақлаб қолиш ва клуб зиммасидаги молиявий юкни камайтириш имконини берадиган вариантни изламоқда.
Депайнинг ўзи ҳам "Коринтианс"да фаолиятини давом эттиришдан манфаатдор. Футболчи тўлов шартлари бўйича клубга ён беришга тайёр эканини билдирган.













