Мюнхеннинг «Бавария» клуби ҳужумчиси Харри Кейн жамоа ва мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ҳамда ўз олдига қўйган мақсадлари ҳақида гапирди. У мюнхенликлар унга «Олтин тўп» учун даъвогарлик қилишда яқиндан ёрдам бераётганини тан олди ва ишонч ҳамда илиқ муносабат учун жамоадошларига миннатдорчилик билдирди.
«Мен клуб тарафидан меҳр ҳис қиламан, мени қанчалик қадрлашларини биламан. Фақатгина голлар учун эмас — менимча, улар менинг умумий ўйинимни, шунингдек, кийиниш хонасидаги инсоний фазилатларимни, қўшган ҳиссамни қадрлашади. Ўзимни чиндан ҳам имтиёзли ҳис қиляпман. Мухлисларнинг муносабати ҳам — бу йиллар давомида мени қандай қабул қилишгани жуда ўзига хос бўлди. Менинг мақсадим уларга голлар ва совринлар билан жавоб қайтаришдир», — деди Кейн Bayern & Germany нашрига берган интервьюсида.
Маълумот учун, 33 ёшли форварднинг «Бавария» билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг июнига қадар мўлжалланган. Матбуотда тарқалган хабарларга кўра, клуб раҳбарияти инглиз ҳужумчиси билан битимни 2029 ёки 2030 йилга қадар узайтиришни режалаштирмоқда.













