Лондоннинг "Челси" клуби ўз дарвозабони Роберт Санчесни сотишга тайёр. Бу ҳақда журналист Экрем Конур хабар берди.
Манба маълумотига кўра, "кўклар" Эмилиано Мартинесни харид қилганидан сўнг 28 ёшли испаниялик дарвозабонни трансферга қўйган. Таъкидланишича, пойтахт клуби Санчес учун 24,5-28 миллион евро миқдоридаги таклифларни кўриб чиқишга тайёр.
Айни пайтда футболчи учун "Тоттенхэм" ва "Комо" клублари кураш олиб бормоқда.
Жорий мавсумда Санчес Англия Премьер-лигасида битта ўйинда иштирок этиб, ўз дарвозасидан икки тўп ўтказиб юборди. "Брайтон"га қарши ўтган сўнгги баҳсда эса, "Челси" 4:3 ҳисобида ғалаба қозонганига қарамай, дарвозабон ўйин қайдномасига киритилмади.
Санчеснинг "Челси" билан амалдаги шартномаси 2030 йилга қадар мўлжалланган.













