"Бавария" трансфер ойнаси ёпилишидан олдин ўнг қанот ҳимоячиси Саша Боэйнинг эҳтимолий трансфери бўйича музокаралар олиб бормоқда. Англия Премьер-лигаси вакили "Фулхэм" сўнгги дақиқаларда футболчига қизиқиш билдирган.
Сўнгги кунларда "Бавария" Боэй энди клуб режаларига кирмаслигини аниқ кўрсатди. Бу позиция ҳам клуб ичида, ҳам жамоатчиликка очиқ тарзда билдирилган, аммо ҳозирга қадар футболчи учун харидор топилмаган эди.
Трансферлар бўйича журналист Маттео Моретто маълумотига кўра, "Фулхэм" 25 ёшли франциялик футболчини трансфер ойнаси ёпилиши арафасида ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда.
Ҳозирча музокаралар қай даражада илгарилагани маълум эмас. Бироқ Англия клуби "Райо Вальекано" ҳимоячиси Андрей Рациу бўйича музокаралар тобора мураккаблашиб борганидан сўнг, асосий эътиборини Боэйга қаратгани хабар қилинмоқда.













