«Милан»нинг собиқ ҳимоячиси, ҳозирда Sky Sport Italia эксперти Алессандро Костакурта Чемпионлар лигасининг янги мавсуми ҳақидаги кутилмалари билан ўртоқлашди ва мусобақада ўзини кўрсата оладиган икки Италия клубини атади.
«Мен энг катта қизиқиш билан «Интер»ни кузатаман, чунки, менимча, у бошқа Италия клубларидан узоқроқ босқичга етиб бориши керак. Клуб трансфер ойнасини жуда яхши ўтказди ва энди энг кучли жамоалар билан рақобатлаша олади», — дея Костакуртанинг сўзларини Football Italia келтирмоқда.
«Бир неча ҳафта аввал мен «Интер»дан кучлироқ 6 ёки 7 та жамоани атаган бўлардим. Аммо ҳозир уларнинг сони камайди, чунки Спенс ва Кёртис Жонс — жуда яхши трансферлар.
«Интер» — мустаҳкам жамоа ва уни мағлуб этиш осон бўлмайди. Агар унга бироз омад ҳам кулиб боқса, турнирни ютиши мумкин», — деди у.
Костакурта кутилмаган натижа кўрсатиши мумкин бўлган яна бир жамоа сифатида Сеск Фабрегас бошқараётган «Комо»ни ҳам тилга олди.
«Албатта, «Комо» ҳам бор. Уларга осон бўлмайди, чунки жамоада ёш футболчилар кўп. Аммо уларда энергия ва катта иштиёқ бор. Ҳеч ким мени «Комо» 1/8 финалга чиқмайди, деб ишонтира олмайди», — деди Костакурта.
«Комо» Чемпионлар лигасида илк бор иштирок этади. «Нерадзурри» эса ушбу турнирда 30 мартадан ортиқ қатнашган.













