"Галатасарой" ҳужумчиси Виктор Осимхен ва ярим ҳимоячи Марио Леминанинг тиббий текширув натижаларини маълум қилди.
Ҳар икки футболчи Туркия чемпионатининг 4-турида "Истанбул Башакшеҳир"га қарши 3:2 ҳисобида якунланган учрашувда жароҳат олган.
Осимхен 16-дақиқада ҳисобни очган, бироқ 33-дақиқадаёқ майдонни тарк этишга мажбур бўлган. Лемина биринчи бўлимни тўлиқ ўтказган, аммо танаффусдан кейин у ҳам алмаштирилган.
МРТ ва қўшимча тиббий текширувлардан сўнг ҳар икки футболчида ҳам ўнг соннинг чов соҳасидаги яқинлаштирувчи мушаклар гуруҳида ўрта даражадаги шикастланиш аниқланган.
Клуб маълумотига кўра, жароҳат мушакларнинг чўзилиши ва қон қуйилиши билан кечмоқда.
Туркия ОАВ маълумотларига кўра, Осимхен тахминан 2-3 ҳафта, Лемина эса уч ҳафтага яқин майдонга тушмаслиги мумкин.













