"Челси" бош мураббийи Хаби Алонсо жамоа ҳимоячиси Рис Жеймснинг ярим ҳимоядаги ўйинига юқори баҳо берди.
Жеймснинг ярим ҳимояда жаҳон даражасидаги футболчига айланиши мумкинми, деган саволга Алонсо ижобий жавоб қайтарди.
"Менимча, ҳа. У бу позицияда ўзини жуда эркин ва ишончли ҳис қилади.
Унда бу ерда ўйнаш учун керакли футбол интеллекти бор. Чунки майдон марказида шериклар билан тўғри ҳамкорлик қилиш ва тўпни қабул қилишдан олдин нимани қилиш кераклигини билиш жуда муҳим.
Унда ўйинни шундай тушуниш қобилияти бор. Мен уни марказда жуда яхши ўйнаганини эслайман. Шу сабаб биз уни бу позицияда ишлатяпмиз ва у ярим ҳимоячи сифатида кўп ўйин вақти олади.
Менинг фикримча, у жисмонан тайёр ва кучга тўла бўлса, Премьер-лигада бемалол рақобат қила олишини кўрсатди. Ярим ҳимоячи сифатида кўплаб содда ва тўғри қарорлар қабул қилиш керак. Сен ўйиннинг марказида бўласан ва доимо жараёнга қўшилиб туришинг зарур.
Рис ўйинга жуда фаол жалб қилинган ва қаерда бўлиши кераклигини яхши билади. У шерикларига ёрдам бера олади. Бу мен учун жуда муҳим, чунки у жамоада катта нуфузга эга. Шериклари уни ҳурмат қилади. У бирор нарса айтса, улар тинглайди ва ортидан эргашади", — деди Алонсо.
"Арсенал"га қарши учрашувда Жеймснинг ярим ҳимояда ўйнаши мумкинлиги ҳақида ҳам мураббий фикр билдирди.
"Жамоа ичида ўйинга тайёр эканимизга ишонч бор. Агар мавсум давомида жароҳатлар ёки дисквалификациялар сабаб қийинчиликларга дуч келсак ҳам, буни енгиб ўта олишимизга ишонамиз.
Вақт кўрсатади, аммо ҳозир у бу позицияда жуда муҳим роль ўйнаяпти. Мен жамоани қабул қилиб олишимдан олдин ҳам унинг бу ерда ўйнай олишини билардим", — деди мутахассис.
"Челси" бугун АПЛ 3-турида сафарда "Арсенал"га қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан 20:30 да бошланади.













