Ўзбекистон Пролигасида 18-тур учрашувлари якунланди. 7 сентябрь куни турнинг сўнгги тўртта баҳси ўтказилди.
Пешқадам "Арал" сафарда ФарДУ билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Нукусликлар 12-дақиқада Руслан Қалмағамбетовнинг пенальтидан киритган голи эвазига ҳисобни очди. Бироқ мезбонлар 90-дақиқада Отажон Ниёзметовнинг голи билан мағлубиятдан қутулиб қолди.
"Металлург" эса ўз майдонида "Пахтакор ФЖ"ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашув тақдирини ҳал қилган ягона гол 7-дақиқада Азиз Абдумўминов томонидан киритилди.
Куннинг яна бир учрашувида Республика ФА "Каттақўрғон" меҳмони бўлиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Иброҳим Акбаров дубль қайд этган бўлса, Асилбек Алиев яна бир голга муаллифлик қилди. "Каттақўрғон"нинг жавоб голини 90+2-дақиқада Франсис Нарҳ урди.
ҚМУ "Жайхун" эса ТерДУ майдонида минимал — 1:0 ҳисобида зафар қучди. Асадбек Жўрақуловнинг 43-дақиқада киритган голи меҳмонларга уч очко келтирди.
18-турнинг аввалги куни "Лочин" — "Ғазалкент" учрашувида 1:1 ҳисоби қайд этилган, "Шўртан" "Яйпан"ни 4:1, "Олимпик Мобиуз" эса БухДУни 2:1 ҳисобида мағлуб этганди.
Тур якунларига кўра, "Арал" 43 очко билан пешқадамлигини сақлаб қолди. "Металлург" 37 очко билан иккинчи поғонага кўтарилди, "Шўртан" 36 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Кейинги ўринларни ФарДУ (33), "Лочин" (32) ва "Олимпик Мобиуз" (31) эгаллаб турибди.
Шу тариқа, "Арал" ва иккинчи ўриндаги "Металлург" ўртасидаги фарқ 6 очкони ташкил этмоқда. Бекободликлар эса "Шўртан"ни бир очкога ортда қолдириб, иккинчи поғонани эгаллаб олди.















