Кириш Регистрация
26/09 11:00 Хитой 3-0 Таиланд
26/09 15:30 Япония 1-0 КХДР

Элдор Шомуродов: "Ўзбекистон футболи сезиларли даражада ривожланмоқда"

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов журналистлар билан суҳбатлашиб, Эронга қарши ғалаба, янги тактик схема ва Осиё кубогига тайёргарлик ҳақида фикр билдирди.

Шомуродовнинг айтишича, Эрон устидан қозонилган 3:1 ҳисобидаги ғалаба жамоадаги кайфиятни янада кўтарган.

"Ғалабадан кейин кайфият ҳар доим яхши бўлади. Стадионда ҳам ажойиб муҳит яратилди. Бунинг учун мухлисларимизга катта раҳмат. Ҳисоб қандай бўлишидан қатъи назар, энг муҳими — ғалаба", — деди терма жамоа сардори.

Фабио Каннаваро синаб кўраётган 4-3-3 тактик схемаси ҳақида гапирар экан, Шомуродов футболчилар янги тизимга мослашишда катта қийинчиликка дуч келмаганини таъкидлади.

"Албатта, ишлашимиз керак бўлган жиҳатлар бор. Лекин жамоада мураббий кўрсатмаларини тез тушунадиган ва уни майдонда бажара оладиган юқори савияли футболчилар етарли", — деди у.

Ўзбекистоннинг Эронни ўзаро учрашувларда кетма-кет учинчи бор мағлуб этишига ҳам сардор алоҳида тўхталди. Унинг фикрича, бу натижалар мамлакат футболининг умумий ўсиши билан боғлиқ.

"Сўнгги йилларда Ўзбекистон футболи анча ривожланди. Ёшлар орасидан иқтидорли футболчилар чиқиб келяпти. Бу, табиийки, миллий терма жамоага ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда", — деди Шомуродов.

У таркибга янги жалб этилган футболчиларга ҳам ижобий баҳо берди.

"Уларни яхши кутиб олдик. Машғулотларда ўзларини кўрсатишяпти. Ўйлайманки, ўйинларда ҳам имконият олишади. Мураббий уларни шунчаки чақирмаган — барчаси анчадан бери кузатиб келинган иқтидорли футболчилар", — деди ҳужумчи.

Осиё кубогига уч ой қолган бир пайтда жамоанинг янги тактик тизимни ўзлаштириши учун вақт етарлими, деган саволга Шомуродов идеал жамоа қуриш учун вақт доим камлигини таъкидлади.

"Яхши жамоа шакллантириш учун вақт ҳеч қачон ортиқча бўлмайди. Шунга қарамай, Осиё кубогига имкон қадар юқори даражада тайёр ҳолда боришга ҳаракат қиламиз", — деди у.

Аввалги Осиё кубогини ўтказиб юборган Шомуродов бу сафарги мусобақада қатнашиш ўзи учун алоҳида аҳамиятга эга эканини ҳам яширмади.

"Худо хоҳласа, мусобақага соғ-саломат етиб борсак, бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз", — деди Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори.

Киритилди: 10:25, 27.09.2026.
Ўқилди: 709 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик