Жанубий Корея миллий терма жамоаси бош мураббийи Морено Ўзбекистонга қарши кечадиган учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этди. Мутахассис жамоасининг тайёргарлиги ҳамда Фабио Каннаваро шогирдларининг ўйин услуби ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Морено Ўзбекистон терма жамоасининг сўнгги учрашувларидаги ажойиб спорт формасини алоҳида эътироф этиб, рақибга етарлича ҳурмат кўрсатмаслик қимматга тушишини таъкидлади:
“Ўзбекистоннинг барча ўйинларини, жумладан, Жаҳон чемпионатидаги иштирокини ҳам тўлиқ таҳлил қилиб чиқдим. Фабио Каннаварони жуда кучли мутахассис деб биламан. Унинг жамоаси асосан 4-4-2 ёки 4-2-3-1 схемасида ҳаракат қилиб, юқори прессинг остида ўйнайди. Баъзида 4-3-3 тактикасига ҳам мурожаат қилишади. Улар қарши ҳужумга ўтишда жуда хавфли. Биз бошқа рақиблар каби Ўзбекистонни ҳам қаттиқ ҳурмат қиламиз. Агар ўзимизни улардан озгина бўлса-да устун қўйсак, ўша заҳотиёқ мағлубиятга учраймиз”.
Мураббий олдинги ўйинларда кўзга ташланган камчиликлар ҳамда вақт тиғизлигига қарамай, буни баҳона қилмоқчи эмаслигини айтиб ўтди:
“Ўтган ўйинда футболчиларимизнинг жамоавий ва тактик ҳаракатлари ёмон бўлмади. Аммо яккакурашлар ва аниқ узатмалар борасида оқсаган жойларимиз кўзга ташланди. Сўнгги икки кундаги машғулотларда барча эътиборни шу хатоларни бартараф этишга қаратдик. Вақт тиғизлиги ва шароитлар идеалликдан йироқ экани бор гап. Бироқ мутлақо баҳона қидирмоқчи эмасман. Бошқа терма жамоалар ҳам худди шундай ҳолатда ўйнамоқда. Асосийси — мавжуд вазиятга тез мослашиш ва мухлисларимизни хурсанд қиладиган ижобий натижа кўрсатиш”.
Маълумот ўрнида, Жанубий Корея ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув 6 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да бошланади.













