«Рубин» клуби бош мураббийи Франк Артига яқинда Аргентина терма жамоаси сафида хайрлашув учрашувини ўтказган «Интер Майами» ҳужумчиси Лионель Месси шарафига махсус соврин таъсис этиш таклифини илгари сурди.
«Менимча, бундай феномен яқин орада яна пайдо бўлмайди. Айтганча, Криштиану Роналду ҳам шундай футболчилар сирасига киради. Бу ўйинчиларнинг қадри нимада? Улар узоқ вақт давомида энг юқори даражада ўйнаб келишди. Бундай савияни сақлаб қолиш эса жуда қийин. Улар ҳам терма жамоа, ҳам клублар сафида ўзларининг юксак маҳоратларини намоён этишди.
Биз яқинда Месси билан хайрлашув маросимини кўрдик. Аммо у «Барселона»дан кетганида бундай кузатув маросими ўтказилмаганди. Менимча, «Барселона» мухлислари ҳам у билан хайрлашиш имкониятига эга бўлишлари керак.
Умуман олганда, Месси шарафига махсус соврин таъсис этилиши лозим, деб ҳисоблайман. Бу шундай мукофот бўлиши керакки, у жаҳон футболи тарихида қолсин», — деди аввалроқ «Барселона» тизимида фаолият юритган Артига.













