"Милан" мухлислари А сериянинг "Женоа"га қарши 13-тур баҳсида футболчилар ва "россонерлар" раҳбариятига қаратилган бир нечта норозилик баннерларини кўтаришди.
Ушбу баннерларда қуйидаги ёзувлар акс этганди: "Сабр косамиз тўлди. Таркибни, мураббийлар штаибини ва менежментни шакллантиринг", "Милан" ҳеч қачон бундай аянли аҳволга тушмаган. Сиз тарихимизни булғадингиз", "Констант, такаббур масхарабоз бўлгандан кўра, сенинг бетайин ўйинингга пул тўлаётганларни ҳурмат қил", "Раҳбариятга: 27 йиллик ғалабалар ва шонли тарих... Тарихимизни булғаманг", "Сиз клубда ишлагандан кўра, операга боринг. Бир неча ой давомида ғалабалар даврини ёпиб ташладингиз".
Ўйиндан кейин "Милан"нинг 300га яқин ашаддий ишқибози "Сан-Сиро" стадионидан чиқиш йўлагини бекитиб қўйишди ва ўйинчилар билан учрашишни талаб қилишди. Марио Балотелли фанатлар билан учрашиш истагини билдирганди, бироқ полиция бунга рухсат бермади. Унинг ўрнига жамоа вице-сардори Кака ва Кристиан Аббьяти мухлислар олдига боришди. Уч дақиқалик суҳбатдан кейин футболчилар ортга қайтишди, мухлислар эса уларни олқишлашди ва шундан сўнг улар ҳам тарқалишди.
Эслатиб ўтамиз, "Милан" 14 очко билан Италия чемпионатида 11-ўринда бормоқда.