"Милан" бош мураббийи Массимилиано Аллегрининг фикрича, "Женоа"га қарши баҳсда жамоа дурангдан ҳам кўра кўпроғига лойиқ эди.
"Женоа" билан ўйинда кўплаб имкониятларга эга бўлдик, ҳаттоки пенальти тепдик, аммо рақиб ягона имкониятдан фойдалана олди. Ҳозирча ишимиз юришмаяпти. Албатта, бир ой давомида ғалаба қозона олмаётганимиз аламли. Ўйин сифати борасида биз яхшироқ ҳаракат қилдик, ҳеч бир жиҳатдан қолишмадик. Бироқ кўпроқ ишлаш керак. Ҳозирги ҳаракатларимиз камлик қилади. Мусобақа жадвалидаги ҳолатимизни кўриш ғалати, биз кўпроғига муносибмиз. Бироқ ҳозир мазкур ўринни эгаллаб турган эканмиз, чин юракдан ишлашимиз лозим. Ўз ўрнимизни яхшилашимиз керак. Ушбу ўйинда муваффақиятга ишонгандик ва охиригача курашдик. "Милан"ни чемпионат, Чемпионлар лигаси ва Италия кубогида яхши позицияларга олиб чиқишим мумкинлигини ҳис қиляпман. Миландаги фаолиятим давомида яхши натижаларга эришдим, аммо ҳозир ишлар яхши эмас.
Балотелли пенальтидан гол ура олмаган вазиятга тўхталадиган бўлсам, у фаолияти давомида пенальтидан кўплаб голлар урган, сўнгги икки уриниш эса омадсиз чиқди. Унга хотиржамлик керак, умидсизликка тушмаслиги лозим. Ўйинчилар учрашув давомида кўплаб вазиятларни қўлдан чиқаришмоқда. Лекин бундан кейин ҳам ўйнашда ва ишлашда давом этишимиз керак. "Милан"да амалга ошириш мумкин бўлган ғояларим тугаб қолгани йўқ. Агар жамоа нима қилишни билмаганида, ўйинни ташкил этиш борасида муаммоларга дуч келганида, биз яхши ўйин кўрсата олмаганимизда, мен кетган бўлардим. "Милан" эса ўйинда тўлиқ ташаббусга эга бўлди", дейди Аллегри.