Жанубий Америкада ЖЧ-2014 гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими олдиндан келишилганига ишонишмоқда. Бу ҳақда El Mundo Deportivo хабар бермоқда.
Манбада айтилишича, қуръа ташлаш маросимининг бошланишига 22 соат қолганида twitter'да Аргентинанинг F гуруҳига тушиши ва унинг рақиблари Босния, Эрон ва Нигерия бўлиши ҳақида хабар тарқалган. Шунингдек Италиянинг иккинчи саватдан ўрин олиши ҳам олдиндан белгиланган.
Бу борада интернетда ўзига хос видео тарқалган. Қуръа ташлаш маросимини олиб борган ФИФА бош котиби Жером Валка шарни олгач қўлини пастга туширган ва шундан кейингина жамоа номини эълон қилган. Бундан ташқари видеолавҳада кўплаб шубҳали вазиятлар шарҳланган.