Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

АПЛ. Буни «Ettihad stadium» дейдилар. «Сити» – «Арсенал» 6:3.

Баҳо:
+ | -

Ҳозиргина Англия чемпионати 16-туридан ўрин олган «Манчестер Сити» ҳамда «Арсенал» жамоалари ўртасидаги ўйин ўз ниҳоясига етди. Ўйинда майдон эгалари 6:3 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Бу ўйинга бўлган қизиқиш жуда катта эди. Ўйин маҳаллий вақт билан соат 12:45да бошланган бўлишига қарамай, стадион мухлислар билан тўла эди. Британияда шанба дам олиш куни эканидан хабарингиз бор. Ўйинни «Сити» ҳужумлар билан бошлаб юборди. 38-сониядаёқ «Арсенал» дарвозаси томон жарима зарбаси белгиланди, кейин эса бурчак тўпи. Лекин ҳимоячилар ҳужумларни бартараф қилиб туришди. 4-дақиқага келиб «Сити» уч марта бурчак тўпини амалга оширди. Ўйиннинг биринчи декадасидан кейин энди «Арсенал» рақибни сиқишни бошлади. Ажойиб ҳужумлардан бирида Оливье Жиру тўпга улгурмаган бўлса, бошқа ҳолатда Месут Ўзилнинг зарбасига аниқлик етишмади.

14-дақиқада амалга оширилган 4-бурчак тўпи эса «Сити» учун омадли келди. Бўйи 1,5 метрдан сал баланд бўлган Серхио Агуэро 2 метрли ҳимоячилар таъқибидан қочган ҳолда тўпни дарвоза тўрига йўллади. Бу «Манчестер Сити»нинг премьер лига доирасида ўз майдонидаги 30-голи бўлди. Серхио эса голлари сонини 13тага етказиб олди. Шу кеча «Сити»нинг қарши ҳужумлари жуда хавфли чиқди. 22-дақиқада Самир Насри рақиблардан тўпни олиб қўйди ва қанотдан олдинга бориб икки ҳимоячи таъқибида бўлган Негредони қулай вазиятга чиқарши мумкин эди, лекин ҳимоячилар пасни ўқишди.

30-дақиқага келиб ҳисоб тенглашди. Майдон марказида Аарон Ремси Яя Туредан тўпни олиб қўйди. Ремси тўпни қанотда турган Месут Ўзилга етказиб берди. Ўзил эса бундай ҳолларда нима қилиш керак эканини жуда яхши билади. Турк азамати тўпни қулай вазиятда турган Уолькотга етказиб берди ва Тэо имкониятни қўлдан бой бермади. Унинг зарбасидан кейин тўп Демичелиснинг бошига тегди ва Пантилимоннинг томошабин бўлишига сабаб бўлиб, секингина думалаб дарвоза тўридан ўрин олди. Бу голдан олган гонорарининг яримини Уолькот Ўзил ва Ремсига бўлиб берса ҳам бўлади.

39-дақиқада «Сити» ҳисобда олдинга чиқиб олди. Яя Туре қилган хатосини тузатди десак ҳам бўлади. Майдон марказидан жарима майдончаси томон ёриб келган Туре дахшатли пас билан Сабалетани қулай вазиятга олиб чиқди. Ҳимоячи эса тўпни Алваро Негредога етказиб берди. Бундай вазиятлардан гол уришни ёқтирадиган Алваро жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим охирида меҳмонлар ҳимоячиси Лоран Косьелни жароҳат олди ва унинг ўрнига майдонга Томас Вермалин туширилди.

Иккинcи бўлим аввалида Серхио Агуэро тўқнашувлардан бирида майдонга қулади. Ўзини ёмон ҳис қилган ҳужумчи майдонни тарк этди ва унинг ўрнини Хесус Навас эгаллади.

50-дақиқага келиб «Сити»га ёзда келиб қўшилган Фернандиньо жамоа таркибидаги илк голини киритди. 30 метрлар чамасидан Матье Фламинини алдаб ўтган Фернандиньо ажойиб зарбаси билан Тотти усулида тўпни дарвозабоннинг устидан ташлаб қўйди 3:1. Оливье Жирунинг ўйин давомида неча марта қовун туширганини санаш учун эса алоҳида камера ишласа ҳам бўларди. Франция терма жамоаси ҳужумчиси кўп вазиятларни йўққа чиқарди.

62-дақиқага келиб Уолькот фарқни биттага қисқартирди. Офсайд чизиғида жуда аниқ ўйнаган Тэо ажойиб зарбаси билан Пантилимонга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Икки дақиқа ўтгач эса катта саҳнага Давид Силва чиқди. Бу сафар қанотда Хесус Навас фаол ҳаракат қилди ва тўпни ҳужумчи ўрнида ҳаракат қилаётган Силвага еткаизб берди. Худди Европа чемпионати финали каби секингина зарба беран Силва дарвозани ишғол қилди. Фақат бу гал оёқ билан гол урди.

78-дақиқада Яя Туре ажойиб рейдни амалга оширди. Яя майдон марказида тўпни эгаллаб олди ва жарима майдончасигача том манода «Арсенал» ҳимоясини ёриб келди. Лекин Самир Насри тўпни қабул қилиб олгач ҳаммаси расво қилди. Туренинг меҳнати самарасиз кетди.

88-дақиқада Фернандиньо ўзининг «Сити» таркибидаги иккинчи голини ҳам «Арсенал» дарвозасига киритиб қўя қолди. Самир Насри ҳамда Фернандиньо жарима майдончаси ичида билганларини қилишди. Бразилиялик ярим ҳимоячи эса Насридан тўпни қабул қилиб олди ва «Казаки» мултфильмидаги инглизлар каби оҳисталик билан Шчесни дарвозасини ишғол қилди 5:2. Шу кеча Самир Насри гол уришга роса ҳаракат қилди, лекин унга бу бахт насиб қилмади. Вазиятлардан бирида унинг гол ура олмай ер тепганини кўрган Пеллегрини ҳам мийиғида кулиб қўйди.

94-дақиқада Пьер Мертазакер ҳисобни 5:3га етказди. Санья томонидан етказиб берилган тўпни ҳимоячи бош билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. 95-дақиқада эса ҳакам «Арсенал» дарвозасига пенальти белгилади. Жеймс Милнерни дарвозабон Шчесни жарима майдончасида тўхтатиб қолди ва пенальтидан Яя Туре унумли фойдаланди 6:3.


Англия чемпионати
16-тур

Манчестер Сити – Арсенал 6:3
Голлар:
Агуэро (14), Негредо (39), Фернандиньо (50, 88), Сильва (66), Яя Туре (90, пенальти) – Уолкотт (31, 63), Мертесакер (90).
Манчестер Сити: Пантилимон, Сабалета, Демичелис, Компани, Клиши, Фернандиньо, Яя Туре, Насри (Хави Гарсия, 90), Сильва (Милнер, 71), Агуэро (Навас, 50), Негредо.
Арсенал: Шченсны, Санья, Мертесакер, Косьельни (Вермален, 42), Монреаль, Рэмзи, Фламини (Гнабри, 72), Уолкотт, Озил, Уилшер, Жиру (Бендтнер, 76).
Огоҳлантиришлар: Сильва (49), Компани (80), Шченсны (90).

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 19:45, 14.12.2013.
Ўқилди: 5840 марта.
Фикрлар: 49 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.