Англия терма жамоаси ҳужумчиси Жермейн Дефо фаолиятини Канаданинг «Торонто» клубида давом эттирадиган бўлди. Бу ҳақда «шпорлар» расмий твиттери хабар бермоқда.

Манбада айтилишича, 31 ёшли футболчи 28 февралгача «Тоттенҳэм»да ўйнайди ва кейинчалик уммон ортига йўл олади. Дефонинг трансфери «Торонто»га 6 миллион фунтга тушди.
Жорий мавсумда Дефо «Тоттенҳэм» таркибида 9та голга муаллифлик қилган.













