Мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин бундан бир неча дақиқа аввал Франциянинг Монпелье шаҳрида давом этаётган турнирнинг чорак финалига йўл олди.
Иккинчи даврада юртдошимиз мусобақанинг тўртинчи ракеткаси, россиялик Дмитрий Турсуновга қарши кортга чиқди. Бир соату 34 дақиқа давом этган учрашувда Денис рақибини 7:5, 6:4 ҳисобида таслим этди. Биринчи сетнинг ўн биринчи геймида теннисчимиз брекни амалга оширди, яъни рақибининг геймини ютиб олди ва ўзининг тўп оширишидан сўнг сетни ўз фойдасига ҳал қилди. Иккинчи сетда Денис Дмитрийнинг учта геймини ютиб олди, аммо ўз ўрнида ўзининг тўп узатишларидан фойдалана олмади. Шундай бўлсада, ўнинчи геймдаги тўп узатиши унга ғалабани тақдим этди. Эътиборлиси, бу икки теннисчи сўнгги беш ҳафта ичида уч маротаба тўқнаш келишди. Ана шу ўйинларнинг иккитасида Дениснинг қўли баланд келди. Ҳамюртимизнинг чорак финалдаги рақиби бугун Тошкент вақти билан соат 20.00да бошланадиган Гаэль Монфис (Франция) – Жоао Соуза (Португалия) учрашувидан сўнг маълум бўлади. Шунингдек, Истомин бугун россиялик шериги Николай Давиденко билан бирга жуфтликлар мусобақасида ярим финалга чиқишга уриниб кўради. Истомин – Давиденко тандеми чорак финалда британиялик ака-ука Кен ва Нил Скупскилар билан ҳисоб-китоб қилишади.
Истомин ва Турсуновнинг ўзаро ўйинлари
Турсунов ва Истомин бунга қадар тўрт бор тўқнаш келишганди. Дастлабки баҳс 2009 йил Истбурндаги мусобақада бўлиб ўтган ва унда Турсунов икки сетда (7:6, 6:4) ғалаба қозонган. 2013 йил Барселонадаги мусобақада ҳам Турсунов икки сетда (6:3, 6:4) Денисни таслим этганди. Шу йилнинг 9 январида Сиднейда ташкил этилган мусобақанинг чорак финалида россиялик теннисчи 7:6, 6:2 ҳисобида муваффақият қозонганди. Ниҳоят, 15 январь куни "Australian Open"нинг иккинчи босқичида Денис Истомин рақиб устидан биринчи ғалабасини қўлга киритди (7:6, 4:6, 6:1, 6:4). Бугунги ғалаба иккинчиси бўлди.