ЕЧЛ-99 финали қаҳрамони Оле-Гуннар Сульшер яқинда АПЛда бош мураббий сифатида дебют қилди. Sports.ru сайти шу баҳона ўша афсонавий баҳсда иштирок этишган «МЮ»нинг бошқа футболчилари ҳозирда қандай юмуш билан машғул эканликларига қизиқиб кўрди.
Петер Шмейхель
Финалда рақиб жарима майдончасида пайдо бўлиб, ўйиннинг бутунлай ўзгариб кетишига ҳисса қўшган даниялик дарвозабон ўз мамлакати ва Британия телевидениеси (хусусан, ВВСнинг машҳур кўрсатуви - Match of the Dayда вақти-вақти билан таҳлилчи сифатида иштирок этади)да мунтазам чиқиш қилиб турибди. Охирги вақтларда эса Шмейхелнинг мураббийликка ўтишни хоҳлаётгани хусусида ҳам гап-сўзлар йўқ эмас. Мисол учун, ўтган ёзда унинг номини «Шеффилд Юнайтед» билан боғлашди.
Гари Невилл
Чемпион жамоанинг ўнг қанот ҳимоячиси беўхшовдек кўринадиган мўйловларини олиб ташлади ва Sky Sportsда спорт телевидениесининг суперюлдузига айланди. Ахборот узатишда енгиллик ва жиддийлик ўртасидаги балансни топган Невилл мамлакатда энг ҳурматга сазовор футбол телетаҳлилчиси мақомини олди. Гари яна Рой Хожсон штабида ҳам фаолият юритяпти ва Daily Mailда анча муносиб рукнни юргизмоқда.
Ронни Йонсен
Фаолиятини тугатгач, Йонсен анча вақт жамоатчилик назаридан четда юрди. Тўғри, баъзи-баъзида баҳо ва башоратлари билан ўзини эслатиб турди. Айтайлик, «МЮ»нинг муайян ўйинда ғалаба қозонишини айтиб адашмади. Ўтган йилнинг ёзида эса мураббийлик курсига ёзилганини эълон қилди.
Яп СтамГолландиялик ҳимоячи ҳам мураббийликни ихтиёр этди ва ўтган йилнинг январь ойида «Аякс» штабига кирди. Айтишларича, Стам «Милан»да Кларенс Зеедорфга ёрдамчилик қилиши мумкин экан.
Деннис Ирвин
Ирландиялик футболчи фаолиятига хотима ясагач, «МЮ»нинг расмий телеканалида иш бошлади. У MUTVда бошловчилик қиляпти ҳамда ўйинларга таҳлилий баҳо бериш билан машғул.
Райан Гиггз
Ўша «Юнайтед»нинг асосий таркибида ўйнаган ва профессионал даражада фаолиятини давом эттираётган ягона футболчи. Гиггзда мураббийлик сертификати ҳам бор ва у амалда ўйновчи-мураббий ҳисобланади. Мо-йес уэльслик фахрийга шартномасини яна 1 йилга узайтириш таклифи билан чиқмоқчи, бироқ жорий мавсум воқеаларини инобатга олсак, бундай бўлишининг эҳтимоли катта эмас.
Дэвид Бекхэм
Финалда марказий ярим ҳимоячи номинациясида тўп сурган Бекхэм табиийки, ишсиз ўтирмаяпти: рекламаларда суратга тушишни давом эттиряпти, Хитой футболи расмий элчиси ролини бажаряпти... Асосийси, Майамида Леброн Жеймс билан ҳамкорликда MLS учун янги клуб тузишни режалаштирмоқда. Айтганча, Боливиянинг «Боливар» клуби Дэвидга фаолиятини қайта жонлантиришни таклиф этяпти - 1та ўйин учун.
Никки Батт
Профессионал фаолиятига Хитойда нуқта қўйган «МЮ» тарбияланувчиси жамоанинг захира таркиби мураббийи Уоррен Жойсга ассистентлик қилмоқда.
Йеспер Блумквист
Скоулз ва Киннинг дисквалификацияси сабаб финалда асосий таркибдан жой олган Гиггзнинг собиқ ўринбосари мураббийликда омадсизликка учради. Маълум бўлишича, у ҳозирда Стокгольмда яшаяпти ва шахсий тунги клуби бор.
Дуайт Йорк
MUTV телеканали ўтган ёзда қизиқарли хатоликка йўл қўйди. Яъни мавсумолди турнири чоғи Йорк «МЮ»нинг бош мураббийи сифатида таништирилди. «Эртами-кеч мураббийлик қилишим аниқ. Лекин буни вақт кўрсатади. Айни пайт эса ишларим жуда кўп»,-дея баёнот берди ўша заҳоти Дуайтнинг ўзи. Ҳозирча собиқ ҳужумчи «МЮ» ва жонажон ватани - Тринидаднинг элчиси сифатида дунё кезмоқда, яна покер ўйини билан машғул. Айтганча, Йорк қисқа вақт Тринидад ва Тобаго термаси жамоаси бош мураббийига ёрдамчилик қилишга ҳам улгурди. Тўғри, ўз интервьюларида доимо жамоага ҳеч қандай таъсир ўтказмаганини таъкидлайди.
Тедди Шерингем
Финалда ҳисобни тенглаштирган ҳужумчи бугунги кунда асосан гольф ва покер бўйича турнирлардаги иштироки туфайли эътиборга тушмоқда. Қолаверса, у яқинда Стюарт Пирс, Дес Уокер ва Лес Фердинанд ҳамкорлигида The Establishment гуруҳи клипида кўриниш берди.
Энди Коул
Гленн Ходдл томонидан ўзига хос баҳо олган ҳужумчи («Коулнинг 1та гол уриши учун 5та вазият лозим») мунтазам MUTVда чиқиш қиляпти ва мураббийлик ишини бошлашни ўйлаяпти. Яқинда ОАВда Коулни футболга дахлдор бўлмаган воқеа сабаб эслашди: у самолётда ирқчилик ҳақоратига учрабди.
Раймонд ван дер Гоув
Голландиялик кипер 44 ёшигача (!) фаолиятини давом эттирди. Кейин эса бир неча йил «Сандерленд»да иш юритди (жумладан, Рой Кин билан ҳам). 2009 йили эса «Витесс»да дарвозабонлар мураббийи лавозимини эгаллади.
Дэвид Мэй
«МЮ»нинг захира ҳимоячиси футболдан кетгач, вино ишлаб чиқариш билан шуғулланди, аммо айтарли муваффақиятга эришгани йўқ.
Фил НевиллКенжа Невилл ҳам мураббийлик қилмоқда. У «МЮ»га қайтиб, Дэвид Мойес штабидан ўрин олишга улгурди. Фил ёзда «Эвертон» президентига клубда бош мураббий сифатида ишлашга тайёрлигини билдирди. Аниқроғи, Мойес ўрнини эгаллашга мойиллигини шаъма қилди. Аммо ҳозиргача 1-рақамли бўлиши учун аниқ таклифлар йўқ. Шунинг учун бутун дунё бўйлаб, «МЮ» учун янги иқтидорлар изламоқда.
Уэс Браун
«Юнайтед» тарбияланувчиси премьер-лигада «Сандерленд» учун ўйнашда давом этяпти. Тўғри, охирги йилларда Браунни жароҳатлар изма-из таъқиб этяпти. Бундан ташқари, футболчи жорий мавсумнинг ўзида 2 марта қизил карточка олди.
Жонатан Грининг
Грининг «Ноттингем» футболчиси сифатида рўйхатдан ўтган бўлсада, охирги вақтларда майдонга деярли тушмаяпти. У жорий мавсумдаги илк ўйинини яқиндагина нишонлади. Яъни «Форест»нинг «Рединг»га қарши учрашувига захирадан қўшилди.