Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

"Реал"нинг автобус ҳайдовчиси хотираларидан

Баҳо:
+ | -

«Мадрид»да футбол майдонидан ташқаридаги ҳаёт ҳам «қайноқ». Ўнлаб чинакам профессионаллар жамоа, мураббийлар штаби билан бирга ишлайди. Табиийки, клубнинг муваффақиятларида уларнинг-да улушлари бор.

Фернандо Мансо ана шундай эътибордан четда қоладиган, лекин доимо ўз ишидан ғурурланиб юрадиган кишилардан эди. У нақ 14 йил давомида клуб автобусида ҳайдовчилик қилди. Ҳозир эса нафақада. Хуллас, қуйида эътиборингизни «Бекат» (Мансога бу лақаб дарвозабон Икер Касиль­яс томонидан «ёпиш­тирилган»)­нинг хотираларига жалб этамиз.

Памплонага сафар Мансо учун охирги хизмат вазифаси бўлди. Ушбу ҳайдовчига «Реал»нинг бир нечта авлоди билан ёнма-ён юриш насиб этди: Фернандо Йерродан тортиб, Криштиану Роналдугача. «Одамлар бу иш қанчалик босим ва масъулият юклашини ҳатто тасаввур қилолмайдилар. Лекин мен клуб ҳайдовчиси бўлганимдан доимо ўзгача ғурурланганман ва ишимдан қониқиш ҳосил қилганман. Энди эса янги ҳайдовчига фақат омад тилайман», - деди Фернандо Мансо нафақага чиқиши олдидан. Унинг ғурурланишига асос етарли, албатта. Зеро, Фернандо хизмат йиллари давомида кўплаб зафарларга гувоҳ бўлди. Хусусан, 2000 йилнинг январида клуб автобуси бош­қарувини қўлга олган оддий ҳайдовчи ЧЛда 2 марта, Европа суперкубоги ва Қитъалараро кубогида 1 мартадан, Испания чемпионатида 5 марта, мамлакат суперкубогида 4 марта, ҳамда «Копа дель Рей» кубогида 1 марта якуний ғалаба шоҳидига айланди. Табиийки, бундай узоқ вақт оралиғида бир қатор қизиқ воқеалар ҳам хотирасида муҳрланиб қолган. Демак, унга қулоқ тутамиз.

Полициячи - «Атлетико» фанати

- Бу воқеа Висенте Дель Боске мураббийлик даврида бўлганди. Биз ЧЛ доирасидаги ўйин сафари олдидан аэропортга кеч қолаётгандик. Хуллас, аксига олиб, тиқин («пробка»)га тушиб қолдик. Шунда вақтдан ютиш мақсадида автобусни йўлни хизмат уловларига мўлжалланган қисмига бурдим. Бу нарса полициячига ёқмади ва у уловимизни тўхтатиб, ҳужжатларни сўради. Албатта, аэропортга кетаётганимизни айтиб, қўйиб юборишини утуниб сўрадим. Бефойда. Шунда полициячини олдига бирин-кетин барча тушиб, вазиятни тушунтиришга уринди. Бироқ на Дель Боске, на Йерро ва на Фигунинг илтимоси кор қилди. Нималар рўй бераётганини автобусда кузатиб ўтирган футболчилардан бири эса жаҳли чиқиб, луқма ташлади: «Бу йигитнинг «Атлетико»га мухлислик қилишига шубҳа йўқ, жарима ёзиб бермагунича, бизни қўйиб юбормайди. Бекорга овора бўлманглар...».

МутлаҚо ўзгарган Дель Боске

- Бир сафар кучли шамол Сантандердан самолётда қайтишимизга имкон бермади. Натижада автобусда қайтишимизга тўғри келди. Кучли жала қуяётганди ва Дель Боске ёнимга келиб, оталарча маслаҳат қилди: «Фернандито, ўғлим, газни босма зинҳор...». Ишонинг, бундан ғоят таажжублангандим. Зеро, мураббий доимо мени ҳазиларалаш оҳангда койирди: « Атрофга аланглашни бас қил-да, суръатни ошир».

Глазгогача 11 000 километр ва орҚага

- 8 йил давомида бутун Европани кезиб чиқдим. Москва сафарини ҳисобга олмаганда, энг узоқ йўл 11 000 километрни ташкил қилди: Глазгога 9-финал учун бориш ва ортга қайтиш. Эсимда Мадридга жамоадан 2 кун кейин қайтган ва тўғри Сибелес фаввораси («Мадрид» ютуқлари анъанавий тарзда нишонланадиган жой) ёнига боргандим. Хуллас, автобус билан фаввора атрофида 2 марта айландим ва шундан кейингина гаражга йўл олдим. Рўпара йўналишидаги машиналар сигналлари, атрофдаги одамлар ҳайқириғи - булар ҳеч қачон эсимдан чиқмайди.
Лотерея

- Вақтида клуб ходимлари ва айрим футболчилар қандайдир ирим қилиб, 2та автобусимиз рақамларига мос келувчи лотерея чипталари харид қилишга одатланишди. Баъзи футболчилар клубдан кетишганидан сўнг ҳам бу одатни тарк этишмаганини биламан. Ўзим эса ҳеч қачон лотереяга қизиққан эмасман, лекин ушбу ёқимли одатни ҳалигача эслайман.
Пеллегрини

- Мануэль Пеллегринининг «Мадрид»дан исеъфога чиққач, «Бернабеу»га илк марта қайтгани ҳам хотирамда мурҳланиб қолган. Ўшанда футболчилардан жамоанинг собиқ мураббийига шахсан менинг номимдан салом етказишларини илтимос қилдим. Орадан 5 дақиқа ўтар-ўтмас, Пеллегрини ташқарига чиқди ва тўғри ёнимга келиб, қучоқ очганча сўрашди. Кейин эса дарҳол ортга қайт­ди. Қаранг, вақт тиғизлигига қарамай, мен билан кўришиш учун чиққан экан. Ҳа, у буюк инсон.
 

Моуриньодан совҒа

- Моу клубдаги илк мавсумида Мануэль Пресиадо билан ошкора жанжаллашди. Хусусан, Хихон сафари жамоа учун жуда оғир келди, ўйиндан сўнг эса ёқимсиз ҳолат рўй берди. Мен автобус томон йўл олаётган пайт Моунинг ёрдамчилари кўз ўнгида Пресиадо билан саломлашдим, ахир анчадан буён қадрдонмиз. Автобусга энди чиқишга чоғлангандимки, Жозе менга қарата бақирди: «Душманим билан қучоқлашиб сўрашдингизми, энди мен учун йўқсиз...». Очиғини айтаман, ўшанда ишдан айрилдим, деб ўйладим. Бироқ Моуриньонинг тажовузкорларга хос характерида очиқкўнгиллик ҳам яширин. Аэропортга етиб келганимизда, у оҳиста ёнимга яқинлашиб узр сўради ва чўнтагидан Биби Фотиманинг ҳайкалчасини чиқариб, қўлимга тутқазди: «Буни ардоқлаб сақла, сенга омад келтиради». Шундан сўнг мени дўстона қучоқлаб қўйди.
МУСИҚА

- Дастлабки даврларда автобусда мусиқа учун мен жавоб берардим ва сафар чоғлари кўпинча Kiss FMни тинглардик. Тўғри, ихтиёримда бир танишим томонидан сараланган бош­қа СD тўпламлари ҳам бор эди. Бироқ футболчилар секин-аста мусиқа бўйи­ча масъулиятни ўз қўлларига ола бошладилар. Хуллас, турли-туман янги мусиқаларга буюртма беришни одат қилишди. Ҳеч қайси мураббий бунга қарши чиққани йўқ, фақат Моу мустасно. Унинг даврида мағлубият ёки ёмон ўйиндан сўнг мусиқа тинглаш тақиқланганди. Жозе буни шундай изоҳларди: «Бугун хурсандчилик қилиш учун асос йўқ».

Бекхэм учун писта

- Англиялик юлдуз жамоамизда ўйнаган вақт мен ва клубнинг яна бир хизматчисидан ҳар доим учрашувлардан олдин унга қовоқ пистаси олиб келиб беришимизни сўрарди. У ва Виктория пистани ниҳоятда ёқтирар экан. Биз Бекхэмнинг илтимосини бажармай қўймасдик, лекин биласизми, у бирор марта бунинг учун пул тўлаган эмас! Табиийки, биз сўрамасдик ҳам. Бир сафар автобуснинг Дэвид ўтирган ўриндиғидан 5 евро топиб олдим. Ке­йин Бексни қидириб, пулни қайтардим. У эса пулни индамай олдида, раҳмат айтганча кетди...

«Кантеранос» хатоси

- Футболчилар автобусда доимо битта жойда ўтиришади, одатга кўра. Бу ўзига хос ёзилмаган қонун. Ҳеч ким бегона жойга ўтирмайди. Лекин гоҳ-гоҳида истиснолар ҳам бўлади. Асосан ёш «кантеранос»лар ёки янги футболчилар адашишлари мумкин. Ҳозир кимлиги аниқ эсимда йўғу, лекин у бир сафар келиб-келиб Раулнинг жойини банд этганди. Албатта, ўша йигитга жойни дарҳол бўшатиб қў­йишни маслаҳат беришган ва у индамай туриб кетган. Янгилардан биргина Диего Лопес ноқулай аҳволга тушмаган. Эсимда, у автобусга чиқиб-чиқмай туриб, мендан сўраганди: «Қаерга ўтириш мумкин?» Умуман, Диего ўта жиддий ва масъулиятли йигит. Чинакам профессионал.
 
Автобусдаги сукунат

- Ўтган йили «Барселона»га қарши жавоб ўйини учун «Бернабеу»га қандай борганимизни ҳеч қачон унутмасам керак. Зеро, ўшанда, бизни мисли кўрилмаган оломон қарши олганди. Одатда Кастельяно кўчасидан то автобус тўхтайдиган жойга 5 дақиқа ичида етиб борардик. Ўша куни эса 20 дақиқадан кўп вақт кетди. Автобуснинг ҳаракатланишига имкон йўқ эди. Айрим футболчилар ойнадан ташқаридаги ҳолатни ўз мобиль телефонларига муҳрлашга тушдилар. Улар яна мендан мусиқани ўчиришни сўрашди ва салонга мутлақо сукунат чўмди. «Ҳеч қачон бундай жимликни сезган эмасдим»,-деди ҳатто унча-мунча нарсадан ҳайратланмайдиган Моуриньо. Чунончи, тўпланган оломонни полиция ҳам тарқатолмаганди.

ЙўҚолган буюмлар

- Автобусда мудом кимдир нимасинидир тушириб қўяди ёки эсидан чиқариб ташлаб кетади. Шунинг учун ҳар бир сафардан сўнг салон ичини обдон кўздан кечирардим. Портфеллар, билакузуклар, мобиль телефонлари... Бир гал Ройстон Дрентега тегишли сирғани топиб олдим. Унинг ўта қимматлигиданми ёки маънан муҳимлигидан - футболчи йўқолган буюмни роса қидирганди. Сирғани берганимда, шунга яраша хурсанд бўлганди. Мен биладиган асосий паришонхотирлар - Эльгера ва Селадес. Улар мудом буюмларини эсдан чиқариб, ташлаб кетишарди.

Энг даҳшатли кунЛАР

- Ла-Корунья сафари ҳар гал кўнг­лимга қандайдир қўрқинчни олиб кирарди. Мисол учун, бир сафар автобусимизни тошлар билан ўққа тутишди. Натижада 4та ойна чилпарчин бўлган, айрим футболчилар ҳатто автобус полига ётиб олишганди. Бошқа сафар эса Ла-коруньяликлар бизни ёқиб юборишга ҳам уринишган. Яъни махсус қурол билан ойнани тешиб, унга бенгал оловини пуркашган. Севильяда эса кимдир Бекхэмни бильярд шари билан нишонга олган. Хайриятки, Бекс чаққонлик билан ўзини олиб қочган ва шарни эсдалик учун менга берган.

Криштиану - буюк!

- Криштиану Роналду шахсан менга ёқади. Португални танқид қилувчилар аввало, у билан учрашиб кўрсалар эди. Шунда фикрлари мутлақо ўзгарарди. Зеро, Криштиану - буюк инсон. У атрофдаги кишиларга асло бефарқ қарамайдиганлар тоифасидан. Хуллас, айтмоқчиманки, Роналду ҳақида ёмон фикрдаги кишилар шунчаки, уни яхши билишмайди.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 10:08, 15.02.2014.
Ўқилди: 8538 марта.
Фикрлар: 59 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.