Фаолиятини тўхтатган чемпион жамоалар. 1995 йили ўта жиддий рақобатда «Спартак» (Москва)ни ортда қолдириб, Россия чемпионига айланган «Алания» клуби биринчилик баҳсларидан олиб ташланди. Владикавказ жамоасининг олтин медалга эга чиқишида ўзбек футболи юлдузи Миржалол Қосимов бош роллардан бирини бажаргани ҳамон барчамизга ғурур бағишлаши рост гап. Афсуски, шундай клубнинг кейинги тақдири мавҳум бўлиб турибди. Россиялик касбдошларимиз ҳам Осетия жамоасига ачиниш ҳисси билан қараб, Европа миллий биринчиликларида чемпионлик шаробини ичган, бироқ кейинчалик турли сабаблар туфайли йўқлик қаърига чўмган клубларни эсга олишди. Рўйхат билан танишишдан аввал қўшимча қилиш жоиз, ўзбек футболида ҳам бундай чемпионлар йўқ эмас. Ҳа, МҲСК ва «Дўстлик»ка ўхшаш клублар еврофутболда ҳам бор экан...
«Граджянски» (Хорватия) - 1911-1945
«Конкордия» (Хорватия) - 1905-1945
«Хашк» (Хорватия) - 1903-1945
Хорватиянинг энг кучли клублари иккинчи жаҳон урушигача Югославия қироллик биринчилигида иштирок этишган. Шунчаки эмас, катта муваффақият билан. Мисол учун, «Граджянски» «Бирлашган лига»да нақ 5 марта ғолиб чиққан бўлса, «Конкордия» 2 марта, «Хашк» бир марта чемпионликни тантана қилган. Уруш йиллари эса бу жамоаларнинг барчаси Хорватия чемпионатига «сакраб» ўтган ва бир мартадан олтинга «бурканган». 1945 йили эса 3та клуб базасида 1та жамоа тузилган - «Динамо» (Загреб).
«Терд Ланарк» (Шотландия) - 1872-1967
Ланаркшир кўнгилли ўқчилар корпуси жамоаси аввалги 100 йилликнинг боши ҳамда олдингисида Шотландияда жуда машҳур бўлган. Чунончи, бу клуб миллий лиганинг ташкил этилишида катта ташаббус кўрсатган. 1904 йилга келиб, «Терд Ланарк» ўз тарихидаги ягона чемпионликни нишонлаган. Британия футболи «қария»си 95 йилга чўзилган фаолиятдан сўнг йўқлик қаърига сингди. «Ўлим» сабаби эса анча жиддий: раҳбариятнинг коррупцияга аралашиб қолгани ва йирик қарзлар.
«Драмкондра» (Ирландия) - 1923-1972
Бу клуб ўтган асрнинг ўрталарида Ирландия ўлчовлари бўйича жуда кучли эди. Ўша йиллари 5 марта чемпионликка эришгани баробарида миллий кубокни шунча марта ютгани барчасини кўрсатиб турибди. Тўғри, «Драмкондра» халқаро аренада ўзини кўрсатолмаган. Айтайлик, дублинликлар 1958 йили Бильбаонинг «Атлетик» жамоасига тўғри келиб, икки ўйин натижасига кўра, чинакамига шарманда бўлишган - 1:13. Орадан 4 йил ўтиб, клуб ўз тарихидаги энг буюк ғалабани тантана қилган. Яъни «Бавария»ни 1:0 ҳисобида доғда қолдирган. Тўғри, бу натижа Мюнхендаги 0:6дан кейин қайд этилганди. 1972 йилнинг ёзида эса жамоа ўз фаолиятига барҳам берган.
«Корк Хибернианс» (Ирландия) - 1957-1977
Коркда тузилган жамоа анча қисқа, лекин етарли даражада ёрқин фаолият юритган. Яъни 20 йил давомида мамлакат чемпиони бўлишдан ташқари, миллий кубокни ҳам ютишга улгурган, яна 2 марта. Унинг Ирландия футболи харитасидан йўқолиши оғриқли бўлди, лекин шаҳарликлар унча кўп қайғуришгани йўқ...
«Корк Селтик» (Шотландия) - 1959-1979
... Чунончи, Корк шаҳрининг бошқа бир клуби умумэътирофга эришиш учун оригинал йўлни танлади. Яъни «Корк Селтик» ўз сафига футбол юлдузларини чорлади ҳамда уларга қисқа муддатли шартномалар таклиф этди. Ўшанда клуб ўз замонасининг бой кишиси кўмагига таянганди. Натижада Жорж Бест ва Уви Зеелер каби машҳурлар «Селтик» либосини кийишди. 1974 йили қўлга киритилган олтин медаль жамоа учун энг асосий ютуқ бўлиб қолди. Ачинарлиси, жамоа чўққига қандай тезликда чиққан бўлса, қуйига худди шундай суръатда шўнғиди. Хуллас, чемпионликдан 5 йил ўтар-ўтмас, «Корк Селтик»дан нишон ҳам қолмади.
«Блау Вайс 1890» (Германия) - 1890-1992
Бир асрдан кўпроқ тарихга эга Берлин клубига боғлиқ 2та факт эътиборни тортади. Биринчиси - Германияда 1905 йили чемпион бўлгани (ўшанда «Унион 92» номи билан фаолият юритарди), иккинчиси - ЖЧ-90 ғолиби Карл-Хайнц Ридленинг қисқа вақт жамоа таркибида ўйнагани. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирига келиб, чемпион жамоа ҳаваскорлар лигасига тушиб кетди ва уни тарқатиб юборишдан ўз чора топилмади.
«Пезопорикос» (Кипр) - 1927-1994
Кипрнинг 2 карра чемпиони ва 8 карра вице-чемпиони мустақил фаолиятига 1994 йили ЭПА клуби билан бирлашиши натижасида хотима ясади. Шундай қилиб, бугунги кунда машҳур АЕК жамоаси дунё юзини кўрди.
«Линц» (Австрия) - 1956-1997
«Линц» айниқса, ўтган асрнинг 70-йиллари гуллаб-яшнади. Шаҳар номи билан аталган жамоа мамлакат чемпионатида ғолиб чиқди, яна 2 марта кумуш медални ютди ва халқаро мусобақаларда иштирок этди. Умуман, австрияликлар ўзларининг энг машҳур ўйинларини 1974 йили ўтказишди. Ўшанда улар Чемпионлар кубогининг биринчи раундида «Барселона» билан дуранг қайд этишганди - 0:0. Тўғри, жавоб учрашувида каталонияликлардан 5та жавобсиз гол қабул қилиб олишган, лекин бу нарса ўз майдонларида кўрсатган жасоратларига раҳна сололмайди. Клуб тарихи эса 1997 йили узилиб қолди. Қизиғи, «Линц» ўзининг азалий рақиби - ЛАСК билан бирлашди.
«Спартак» (Арманистон) - 1960-2002
«Арарат» ФК («Арарат» билан адаштирманг)га 1966 йили асос солинди. Кейинги даврларда клуб бир неча марта ўз номини ўзгартирди, Арманистон миллий биринчилиги йўлга қўйилгач эса, барча медаллардан коллекция тўплади. Хусусан, 2 марта «олтин»га эга чиқди («Цемент» ва «Аракс» номи остида), кубок ҳамда суперкубок соҳибига айланди. Жамоа ўз манзилини ҳам бир неча марта алмаштирди. Яъни 2002 йилгача Ереван ва Арарат орасида сарсон бўлди. Якунда эса барчасига чек қўя қолди.
«Моленбек» (Бельгия) - 1973-2002
«Моленбек» Бельгия футболининг янги жамоаси сифатида чемпионликка эришиш йўлида атиги 2 йил сарфлади. Ушбу жамоа мунтазам равишда қитъа миқёсидаги турнирларда ҳам ўз омадини синаб кўрди. Айтайлик, 1977 йили фақат қўшимча кўрсаткич (уй учрашувида қўйиб юборилган гол ҳисобига) туфайли «Атлетик» (Бильбао)ни УЕФА кубоги ярим финалига кузатди. Қисқаси, анча бақувват жамоа эди. Бироқ 2002 йили инқироз натижасида йўқликка юз тутди.
«Кареда» (Литва) - 1935-2003
Ушбу жамоа аввалига «Сакалас» номини олган ва узоқ вақт Шяуляй шаҳри шарафини ҳимоя қилган. 1996 йилда эса «Кареда»га айланиб, дарҳол кетма-кет 2 марта миллий чемпионатда ғолиб чиқди. 2000 йили клуб Каунасга кўчиб ўтди ва кўп ўтмай тарқатиб юборилди.
«Лейпциг» (Германия) - 1893-2004
Лейпциг шаҳри жамоаси ўтган аср бошида немис футболи етакчиларидан бири ҳисобланарди. Айтайлик, Биринчи жаҳон урушигача миллий чемпионатда 3 марта шоҳсупага кўтарилган. 1946 йили клуб илк марта «клиник ўлим» ҳолатига тушди ва фақатгина 1991 йили қаддини кўтарди. Бироқ «Лейпциг»нинг иккинчи ҳаёти атиги 13 йил давом этди. У яна бир марта кўз очадими? Буни ҳеч ким билмайди.
«Спора» (Люксембург) - 1923-2005
Ушбу клуб ўз мамлакати даражасида нақ 20та олий совринга эга бўлди - 11та олтин медаль+9та кубок. Бунинг натижасида тез-тез еврокубокларга ҳам қўшилиб турар, бироқ ўша заҳотиёқ курашдан четга чиқарди. 2005 йили эса «Спора», «Унион» ва «Альянс» жамоалари бирлаштирилди ва «Расинг» клуби юзага келди.
«Старт» (Эстония) - 1912-2008
Болтиқ бўйи ҳудудидаги энг кўҳна ва обрўли клублардан бири Эстония республикаси собиқ иттифоқ таркибига қўшилгунга қадар, яъни ўтган асрнинг 20-30-йиллари оралиғида нақ 9 марта чемпионликни тантана қилган. Янги минг йилликда эса «Старт»нинг омади ҳеч юришмади ва у 2008 йилга келиб, ўз фаолиятига нуқта қўйди.
«Киликия» (Арманистон) - 1992-2011
АОСС клуби Дашнакцутян партияси ҳомийлигида тузилди ва у Арманистоннинг илк чемпионатига қўшилди. 1994 йили партиянинг республика ҳудудида фаолият юритиши расмий равишда тақиқлаб қўйилди. Бироқ бунгача жамоа миллий биринчилик олтин медалини қўлга киритишга улгурганди. Ўшанда АОСС «Ширак» билан тенг миқдорда очко тўплаган, бироқ иккинчи жамоа «Олтин ўйин» ўтказишдан бош тортгач, ҳар иккисига чемпионлик мақоми берилганди. Ереванликлар кейинчалик ҳам 2 марта мамлакатда тенгсиз эканликларини исботлашди. Бироқ 2011 йилнинг январида «Киликия» номи остида барча турнирлардан чиқиб кетишди.