Бунгача 31та расмий ўйинда мағлубият нималлигини билмай келган "Реал Мадрид" кетма-кет иккинчи ўйинда мағлубият аламини тортишга мажбур бўлмоқда. "Севилья" мадридликларни мағлуб этиб, ўз мухлислари билан бирга "Атлетико" ва "Барселона" ишқибозларига ҳам қувонч ҳадя этди.
Кутилганидек, "Реал" ўйинни катта устунлик билан бошлади ва дебютда яратилган бир нечта голли вазиятлардан биттасидан унумли фойдаланиб, тезкор гол уришнинг уддасидан чиқди.
14-дақиқада Криштиану Роналду амалга оширган жарима зарбаси ҳимоячилардан бирига тегиб, рекошет ҳолатида дарвоза тўрига бориб тушди. Аммо андалусияликлар ҳисобни тезда тенглаштиришди. Ҳужумчи Карлос Бакка жуда катта тезликда ҳимоячидан ўзиб кетди ва узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. 1:1.
Биринчи бўлим давомида катта устунлик мадридликлар томонида бўлди. Бўлим сўнггида Роналду ва Бэйлда дарвозани ишғол қилиш учун яққол имкониятлар юзага келди. Криштиану ўткир бурчак остида дарвозабон билан юзма-юз вазиятга чиқиб борди ва тўпни посбоннинг устидан ошириб юборишга улгурди. Тўп дарвоза устунига тегиб, шундоққина чизиқ устида турганди, аммо унга ҳимоячи биринчи бўлиб етиб келиб, хавфни бартараф этди. Бэйл чап қанотда ўткир барчак остида икки марта зарба бериб, дарвозани ишғол қила олмади. Дастлаб тўпга ҳимоячи қалқон бўлган бўлса, иккинчи вазиятда дарвозабон Бету оёқлари билан зарбани қайтарди.
Иккинчи бўлимда Унай Эмери шогирдлари янада хушёрроқ ўйнашди ва ўз дарвозалари "Реал"нинг хавфли вазиятлар яратишига кўп имкон беришмади. Боз устига, ўйиннинг 73-дақиқасида мезбонлар қарши ҳужумни ажойиб тарзда голга айлантиришди. Иван Ракитич майдон марказида Марселодан ўтиб кетди ва Варанни ортда қолдириб чиройли тўп узатиши билан Баккани дарвозабон билан дуэлга чиқарди. Карлос "Реал" посбонининг оёқлари орасидан тўпни ўтказиб, дарвозани ишғол қилди. Бакканинг иккала голи иккита қанотдан урилган эгизак голларга ўхшаб кетди.
Қолган дақиқаларда "Севилья" рақибга деярли имконият бермади. Меҳмонларнинг жарима зарбалари ҳам ҳеч қандай самара бермади. Бир вазиятда Роналду ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Олисдан йўлланган зарбани дарвозабон Бету бармоқларининг учлари билан тўпни буриб юборишга улгурди.
"Барселона" билан ўйин чарчоғи ва руҳияти "Мадрид"ни тарк этмагани иккинчи бўлимда сезилиб қолди. Уларга енгиллик, ижодкорлик ва шиддат етишмади. Унай Эмери эса ўз шогирдларини ушбу ўйинга ажойиб тарзда руҳлантира олгани эътиборга молик.
Ушбу турда "Атлетико" ва "Барселона" ўз рақибларини мағлуб этишди. Натижада, энди "Реал" ўз ҳамшаҳарларидан 3 очкога, "Барселона"дан эса 2 очкога ортда қолишмоқда. Бугунги ўйин "Қироллик клуби" учун жиддий йўқотиш бўлди. Икки тур аввал ўз рақибларидан 3 ва 4 очкога олдинда бораётган Анчелотти шогирдлари энди 3-поғонага тушиб қолишди. Улар энди рақибларининг очко йўқотишларини кутишга мажбурлар.
Испания Ла-лигаси, 30-тур
"Севилья" – "Реал Мадрид" 2:1 (1:1)
Голлар: 0:1 – 14 Роналду, 1:1 – 19 Бакка, 2:1 – 72 Бакка.
"Севилья": Бету, Коке, Пареха, Фасио, А.Морено, Иборра, Мбиа, Рейес (Ф. Наварро, 75), Ракитич, Марин (Витоло, 71), Бакка (Гамейро, 83).
"Реал Мадрид": Диего Лопес, Карвахаль, Пепе, Варан, Марсело, Алонсо, Ильярраменди (Иско, 67), Модрич (Мората, 90), Бэйл, Бензема, Роналду.
Огоҳлантиришлар: Иборра (21), Бэйл (23), Марин (61), Варан (79), Алонсо (86), Бету (90).
"Атлетико" – "Гранада" 1:0 (1:0)
Гол: 1:0 – 63 Коста.
"Атлетико": Куртуа, Хуанфран, Миранда, Годин, Инсуа, Габи, Тиагу, Туран (Диего, 60), К. Родригес (Соса, 56), Вилья (Р. Гарсия, 70), Коста.
"Гранада": Роберто, Ньом, Коефф (Игало, 81), Мурильо, Ангуло (Фулькье, 46), Ф.Рико, Ресио, Итурра, Рики (Буонанотте, 73), Эль-Араби, Браими.
Огоҳлантиришлар: Ангуло (29), Коефф (39), Габи (40), Браими (44).