Испания чемпионатида «Реал», «Барселона» ҳамда «Атлетико» жамоалари даъвогарлик қилишмоқда. Хўш премерода ким чемпион бўлади? Жамоаларнинг имкониятлари қандай? Шу саволларга жавоб излаб кўрамиз.
«Барселона» - 40%
Испания чемпиони бўлиш учун энг яхши имконият «Барселона»да. Жамоанинг ўйин услуби озроқ ўзгарган. Ўша тўп узатишлар бироз тезлашган десак ҳам бўлади. Жамоа чемпионлар лигасида «Сити»ни мағлуб этиб, қандай кучга эгалигини кўрсатди. Яқиндагина «Реал»ни пойтахтда енгди. Бир сўз билан айтганда «Барселона», ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланмоқда. Бу жамоанинг асосий устунлиги ҳисобланади.
Асосий муаммо - дарвозабон
Жамоанинг асосий муаммоси дарвозабон бўлиб турибди. Ўтган турда «Селта»га қарши ўйинда Валдес тўпни қайтаришда ноқулай йиқилди ва мавсум у учун жуда эрта якунланди. Қўшимчасига Пинто ҳам оёғини тўсинга уриб олди ва енгил жароҳат олди. Энди жамоа учинчи дарвозабонини ҳам қайдномага киритишга мажбур бўлади. Примеро тарихида 85 йилдан бери учинчи дарвозабон билан ҳеч ким Испания чемпиони бўлмаган.
«Атлетико» - 30%
Айни вақтда биринчи ўринда бораётган «Атлетико». Жамоанинг энг катта ютуғи - мураббий Диего Симеоне. 20 йил аввал уни ажойиб футболчи қилган жамоани Симеоне 2,5 йилда кучли «Атлетико»га айлантирди. Унга ўзининг характерини сингдирди. Жамоа йил бошидан буён чемпионлик учун курашди ва ҳамон жанг майдонида.
Асосий муаммо - ноқулай тақвим
Жамоанинг асосий муаммоаси ноқулай тузилган тақвим. «Атлетико» яқин 1,5 ой ичида «Реал Сосьедад», «Валенсия» ва «Барселона»га қарши ўйнаши керак. «Матрасчилар» бу тўсиқлардан талофатсиз ўтиши жуда қийин.
«Реал Мадрид» - 30 %.
Асосий ютуғи - Анчелоттининг мураккаб вазиятларда руҳан тушкунликка тушмаслиги.
«Барселона»га қарши ўйингача «Реал»нинг чемпион бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмаётган эди. Кетма-кет иккита мағлубият жамоа учинчи ўринга тушириб юборди. Анчелотти бундай ҳолатларга кўниккан. Бундан ташқари, «Реал»га қулай тақвим ҳам қўл келиши мумкин. Биринчи даврада жамоа бундай имкониятдан аниқ фойдаланган эди.
Асосий минус - очколар
Чемпионлик масаласи «Реал»нинг ўз қўлида эмас. «Атлетико» ҳамда «Барселона» жамоадан очколар бўйича олдинда. Бундан ташқари ўзаро ўйинлар ҳам тугади. Шундай экан, «Реал» рақибларнинг оқсашини кутишга мажбур.