"Анвар Ғофуров иши" бўйича ОФКдан рад жавобини олган Қатарнинг "Ал-Жаиш" клуби энди Спорт арбитраж суди (САС)га мурожаат қилмоқчи. Бу ҳақда www.kooora.com сайти хабар тарқатди.
Хабарингиз бор, Осиё чемпионлар лигасининг сўнгги турида "Ал-Жаиш" ўз майдонида "Бунёдкор"га ютқазиб қўйди ва плей-офф босқичига чиқа олмади. Шундан сўнг доҳаликлар ОФКга шикоят билан мурожаат қилиб, "Бунёдкор" сафида ўйнаган Анвар Ғофуров, ОЧЛ саралаш босқичида "Локомотив" сафида ҳам иштирок этгани боис ўзбек клубига техник мағлубият ёзишни сўради.
ОФК эса масалани ўрганиб чиқиб, "Бунёдкор" регламентни бузмаганини, барчаси қоида доирасида эканини расман тасдиқлади. Яъни футболчи ОЧЛнинг 3та турли босқичларида (саралаш, гуруҳ босқичи ва плей-офф) турли жамоалар сафида рўйхатдан ўтиши мумкин, фақат у бир вақтнинг ўзида икки жамоа сафида рўйхатдан ўтмаса бўлгани. Қисқароқ айтганда, юқорида кўрсатилган босқичларда у жамоадан бу жамоага ўтаётган ўйинчи аввал биринчи жамоаси билан шартномани бекор қилиб, кейин иккинчи жамоа таркибида рўйхатдан ўтиши лозим.
ОФКнинг бундай қарори юзасидан "Ал-Жаиш" матбуот анжумани ўтказди. Клуб ижрочи директори Тани ал-Куварий ОЧЛ регламентидаги хатолар юзасидан фикр юритди.
"Биз ОФКнинг қарори юзасида аппеляция бердик. Бу сафар ҳам талабимиз қондирилмаса, биз Спорт арбитраж судига мурожаат қиламиз", дейди Ал-Куварий.