ОЧЛ 1/8 финали жавоб баҳси доирасидаги "Ал Ҳилол" - "Бунёдкор" (3:0) учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида Александр Волков иштирок этди.
- "Ал Ҳилол"ни 1/4 финалга чиққани билан табриклайман. Улар ҳақли ғалабага эришишди, - деб гап бошлади Волков.
- Ҳимоя чизиғингиз ҳақида нима дея оласиз? Бугун улар кўплаб вазиятларда "Ал Ҳилол" ҳужумчиларига имкон беришди. Бундан ташқари қанот ярим ҳимоячилари ҳам ўйнай олишмади.
- Биз олдиндан режалаштирган ҳаракатларни амалга ошира олмадик. Мен ҳимоя ёки қанот ярим ҳимоячиларини алоҳида гапирмоқчи эмасман. Ютқаздикми, демак, бутун жамоа хато қилди. Бундай муҳитда ёш футболчиларимиз бироз ҳаяжонланишгани сезилди. Баъзи футболчиларимиз илк бор бунчалик кўп мухлис олдида тўп тепишди.
- Сиз ишлаб чиққан режани амалга оширишга нима тўсқинлик қилди? Футболчиларингиз амалга ошира билишмадими ёки сиз уларга буни етказиб бера олмадингизми?
- Баҳс кўрсатиб берди, биз ўзимиз истаганчалик ўйнай олмадик. Бунга албатта мезбонлар ҳам имкон беришмади. Доим бажариб келган ишимизни янада кучайтиришимизни айтгандим. Аммо буни бажара олмадик.
"Ал Ҳилол" учун хурсандман. "Ал Иттиҳод" эмас, айнан шу жамоа мухлисига айландим. Кейинги ўйинларда жамоага омад тилайман. ОЧЛда ғолиб чиқиш учун асосий даъвогар айнан "Ал Ҳилол", - деб ўз фикрларини тугатди Александр Волков.