Олий лиганинг 10-тури доирасида Қаршида бўлиб ўтган «Насаф» - «Пахтакор» учрашуви 1:1 ҳисобида якунланганидан хабарингиз бор. Дастлаб тошкентликлар Искандаровнинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлсалар, мезбонлар иккинчи бўлимда Ҳамза Каримовнинг бош билан берган зарбаси боис ҳисобни тенглаштирдилар.
Ҳисоб тенглашганидан кейин, тошкентликлар тўпни майдон марказидан ўйинга киртишди ва ўша заҳоти тўпни йўқотишди. Натижада "Насаф" футболчиси Фаррух Сайфиев рақиб ҳимоячиларидан қочиб кетиб, "Пахтакор" дарвозасини ишғол қилди. Бироқ қанот ҳаками офсайдни нотўғри қайд этгани қуйида берилаётган видеолавҳада акс этган. Тўп узатилаётганда "Пахтакор"нинг икки футболчиси Сайфиевга нисбатан дарвозага яқин тургани кўринади. Шунингдек, ушбу лавҳада тўп икки марта "Пахтакор" дарвозаси устуни ва тўсинига теккан вазиятлар акс этган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ўйиндан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида "Пахтакор" бош мураббийи Самвел Бабаян натижадан қониққанини, қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев эса мураббий сифатидан натижадан қониқмаганини айтиб ўтган.
Турнинг марказий баҳсини навоийлик ҳакамлар гуруҳи бошқариб борган. ЎзПФЛ сайтида эълон қилинган ҳакамлар учун қўйилган балларга назар ташлайдиган бўлсак, бош ҳакам Рустам Бобомуродовга 8,7 балл, офсайдни нотўғри қайд этган лайснмен - Самандаровга 8,4 балл қўйилган. Иккинчи қанот ҳаками Жумаев эса 9,4 баллга лойиқ топилган.