Кириш Регистрация
29/06 03:00 Колумбия 3-0 Коста-Рика
29/06 06:00 Парагвай 1-4 Бразилия
29/06 21:00 Швейцария 2-0 Италия
30/06 00:00 Германия 2-0 Дания
30/06 05:00 Канада 0-0 Чили
30/06 05:00 Аргентина 2-0 Перу
30/06 21:00 Англия - Словакия
01/07 00:00 Испания - Грузия
01/07 21:00 Франция - Бельгия
02/07 00:00 Португалия - Словения

«Нефтчи» иккинчи даврани ғалаба билан бошлади

Баҳо:
+ | -

Бугун миллий чемпионатимизнинг иккинчи давра ўйинлари старт олди. “Нефтчи” ўз майдонида “Бухоро”ни қабул қилди. Давралар оралиғида ҳар иккала жамоа ҳам таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширганди.

Майдон эгаларидан шу куни мухлислар фақат ғалаба кутишаётганди. Буни яхши хис этган “Нефтчи” футболчилари ҳам ўйинга жиддий тарзда қаради ва фақат ғалаба учун майдонга чиқди. Дарвоқе учрашув аввалида “Нефтчи” клуби раиси Тоҳир Кападзе ФИФА реферилари Равшан Эрматов ва унинг ёрдамчиси Абдуҳамидулло Расуловга зарбоф тўн кийдирди. Яна бир лайнсмен Жаҳонгир Саидовга ҳам эсталик совға улашди.  

Шунингдек фарғоналик таниқли журналист, СПОРТ телерадиоканали шарҳловчиси Давлат Турдиалиевнинг вафоти муносабати билан бир дақиқалик сукут сақланди.

Шундан сўнг ўйин бошланди. Учрашув тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, майдон эгалари баҳсни ҳужумкор руҳда бошлади. Рўзимбой Аҳмедовнинг ўнг қанотдан ёриб кириб, берган кучли зарбасини Александр Корнейчук аранг бартараф этди.

18-дақиқа ўтиб бораётганида меҳмонлар сардори Суҳроб Неъматов бурчак тўпини амалга оширди. Ойбек Нурбоевнинг берган зарбасидан сўнг тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди.

Биринчи бўлим ўрталарида Андрей Акопянц чап қанотдан олдинга ташланди. Унинг тепган тўпи Шерзод Шариповнинг қўлига тегди ва ҳакам жарима зарбаси белгилади. Пономарёвнинг жаримадан узатган тўпини Жавоҳир Расулов бош билан дарвозага йўллади. Лекин бу вазиятда “Бухоро” посбони тўпни ушлаб олишга эришди. Давралар оралиғида таркибга янги келиб қўшилган Холматов ва Акопянц бир-бирга тўп узатишлари билан рақиб ҳимоячиларини қийин вазиятга тушириб турди. Биринчи бўлим охирлаб бораётганида Суҳроб Неъматов ўнг қанотдан жарима зарбасини амалга оширди. Унинг тепган тўпи дарвоза устунига тегиб қайтди. 44-дақиқа ўтиб бораётганида Андрей Акопянц учрашувда ҳисобни очиши мумкин эди. Унинг чамаси 6 метрлардан йўллаган кучли зарбасини яна Корнейчук маҳорат кўрсатиб, қайтаришга эришди. Шу тариқа жамоалар танаффусга 0:0 ҳисобида йўл олди.

Танаффус вақтида мураббийлар томонидан керакли кўрсатмаларни олган “Нефтчи” футболчилари иккинчи бўлимни ҳам ҳужумкорликда бошлади. Иккинчи бўлимда майдон эгалари таркибида иккита ўзгариш бўлди ва ўйин янада жонланди. Марказда Сардор Мирзаев ва олдинги ҳамда кейинчалик чап қанотда ўйнаган Шерзод Ҳакимов ўзини кўрсатди. Айниқса гол киритилган вазиятда Ҳакимов катта ҳажмдаги ишни бажарди. Бу вазиятда ҳужумчи қаршисидаги рақибларини алдаб ўтиб, дарвоза томон зарба йўллади ва шу тариқа ҳисобни очишга эришди, 1:0.

Голдан кейин ҳужумкорликни пасайтирмаган “Нефтчи” футболчилари янада шиддатли ўйин кўрсатишга интилди. Лекин кўп вазиятларда омад очиқчасига юз ўгирди. “Бухоро” аъзолари ҳам гоҳ-гоҳида қарши ҳужумларни ташкил этди. Айниқса Виталий Пламаделанинг олдинга интилишлари ҳавфли тус олди. Бўлим охирлаб бораётганида фарғоналикларнинг ҳар бир ҳужуми кескин кўриниш ола бошлади. Бобожонов ўзининг голлари сонини яна биттага кўпайтириб олиши ҳам ҳеч гап эмасди. Рақиб ҳимоячисидан ўтиб кетган футболчи дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди. Бироқ Мурод Бобожоновнинг берган зарбасини меҳмонлар посбони қайтариб юборди. Бу вазиятда “Нефтчи” ҳужумчиси тўпни қарама-қарши қанотдаги шериги Ҳакимовга узатса ҳам бўларди.

Гарчи майдон эгалари бир қатор голли вазиятларни яратган бўлса-да, ўйинда бошқа гол кузатилмади. Ўйин 1:0 ҳисобида “Нефтчи” фойдасига ҳал бўлди. Бу билан жамоамиз иккинчи даврани ғалаба билан бошлади.

Эслатиб ўтамиз, кейинги турдаги рақибимиз “Пахтакор” бўлади. Ўйин 9 август куни Тошкентда кечади.

Олий лига, 14-тур
"Нефтчи" - "Бухоро" 1:0 (0:0).
Фарғона. "Қиргули СК" стадиони.
Ҳакамлар: Равшан Эрматов, Абдуҳамидулло Расулов, Жаҳонгир Саидов, Аҳмаджон Эргашев (Тошкент).
Назоратчи: Игорь Нехочин (Наманган).
Комиссар: Владимир Штерн.
“Нефтчи”: 1.Сардор Қобулжонов, 20.Дилёрбек Ирматов, 29.Руслан Мельзетдинов, 33.Сардор Раҳмонов, 14.Вячеслав Пономарёв, 88.Акмал Холматов (С), 55.Андрей Акопянц (71.Сардор Мирзаев, 46.), 18.Жавоҳир Расулов, 7.Александру Оника, 6.Умид Қодиров (35.Муродбек Бобожонов, 73), 22.Рўзимбой Аҳмедов. 90.Шерзод Ҳакимов
“Бухоро”: Александр Корнейчук, 44.Ойбек Нурбоев, 2.Шерзод Шарипов, 7.Суҳроб Неъматов, 8.Виталий Пламадела, 9.Предраг Вуйович, 11.Отабек Исроилов (6.Евгений Кочнев, 78), 20.Санжар Асқаралиев, 21.Баҳриддин Ваҳобов (17.Жамолиддин Убайдуллаев, 65), 71.Отабек Нарзуллаев, 83.Дмитрий Попович.

Манба: www.fcneftchi.uz
Киритилди: 20:55, 03.08.2014.
Ўқилди: 3394 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.