Европа чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида кетма-кет 4та турда ғалаба қозонган "Реал" плей-офф масаласини муддатидан аввал ҳал қилди.
Мадрид жамоаси "Ливерпуль"га қарши дастлабки сафар ўйинида йирик ҳисобда ғалаба қозонганига қарамай, жавоб ўйинини нисбатан хотиржамроқ ўтказди ва ҳисоб ҳам шунга мос бўлди — 1:0.
Брендан Роджерс эса асосий таркибни шанба куни бўладиган "Челси"га қарши ўйинга асрашга қарор қилди ва майдонга захира таркибини туширди. Балки бу ҳолат ҳам майдон эгаларининг руҳиятида хотиржамликни юзага келтирган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ливерпулликлар таваккал қилиб катта куч билан олдинга боришмади, улар асосан тўпни назорат қилишга ва мудофаани қаровсиз қолдирмасликка ҳаракат қилишди.
Ўйиндаги ягона гол биринчи бўлимда киритилди. Қанотдан узатилган тўпни Карим Бензема дарвозага жойлаб, ЕЧЛдаги тўртинчи ўйинда ўзининг бешинчи голига муаллифлик қилди.
Бу кеча мерсисайдликлар Криштиану Роналду деярли имконият беришмади. Шу тариқа, португалиялик футболчининг "Реал" сафидаги голлар серияси узилиб қолди.
Кейинги ўйинларда қўлга киритилажак 1 очко "Реал"га гуруҳдаги 1-ўринни таъминласа, "Ливерпуль" "Базель" ва "Лудогорец"га қарши ўйинларда плей-офф масаласини ҳал қилишга уриниб кўради.
ЕЧЛ, "В" гуруҳи, 4-тур
"Реал Мадрид" (Испания) – "Ливерпуль" (Англия) - 1:0 (1:0)
Гол: 1:0 – 27 Бензема.
"Реал Мадрид": Касильяс, Арбелоа (Начо, 83), Рамос, Варан, Марсело, Иско, Хамес (Бэйл, 62), Кроос, Модрич, Бензема (Х.Эрнандес, 87), Роналду.
"Ливерпуль": Миньоле, Туре, А.Морено, Шкртел, Манкильо, Эмре Жан (Коутиньо, 75), Лукас (Жеррард, 69), Аллен, Лаллана, Маркович (Стерлинг, 69), Борини.
Огоҳлантиришлар: Шкртел (47), Хамес (53), Рамос (60), Марсело (76), А.Морено (85).