“Бунёдкор”нинг собиқ аъзоси, сўнгги тўрт мавсумдан бери БААнинг “Ал-Шабаб” клубида тўп тепиб келаётган Азизбек Ҳайдаров билан боғланиб, унинг “плей-офф”даги рақибимиз “Ал-Жазира” клуби ҳақида фикрлари билан қизиқдик.
- Тўрт йилдан буён БАА чемпионатида иштирок этиб келяпсиз. “Бунёдкор”нинг навбатдаги рақиби “Ал-Жазира” клуби ҳақида ҳаммадан ҳам Сиз яхши маълумотга эгасиз. Айтингчи, “Ал-Жазира” клуби қай даражада хавфли?
- “Ал-Жазира” клуби ҳар мавсум худди “Бунёдкор” каби буюк мақсадларни кўзлайди. Абу-Даби шаҳри жамоаси БААдаги топ клублардан ҳисобланади. Жамоа жудаям кучли. Клубнинг имкониятлари яхши бўлганлиги учун ҳар йили кучли футболчилар таклиф этилади. Натижа ёмонлашса мураббийлар ҳам тез-тез ўзгаради. “Бунёдкор” учун енгил ўйин бўлмайди, деб ўйлайман. Чунки “Ал-Жазира” ҳозирги ҳолатда БАА чемпионатида ғолиб чиқишга бош номзодлардан бири.
- “Ал-Жазира”га қарши кечадиган “плей-офф” учрашувининг Тошкентда ўтиши рақиб учун қай даражада муаммо туғдиради ёки бу жиҳатни “Бунёдкор”га қулай томонлари борми?
- Очиғини айтсам, учрашувнинг Тошкентда ўтиши “Бунёдкор” учун жудаям зўр имконият, деб ҳисоблайман. Агар ғолибни аниқлаб берадиган битта ўйинлик баҳс Абу-Дабида бўлганида бу юз фоизлик араблар фойдасига хизмат қиларди. Февраль ойида “Бунёдкор”нинг рақиб майдонида тўп тепиши жуда катта муаммо келтириб чиқарарди. Шу боисдан ҳам “Бунёдкор”нинг уйда ўйнаётгани собиқ жамоадошларимнинг имкониятини оширади. Яна қайтариб айтаман: “Ал-Жазира” жудаям кучли жамоа. Уларга қарши бу ерда тўп тепиб, рақиб аъзоларини кўриб келяпман. Бу жамоа таркибида индвидуал маҳорати жудаям баланд футболчилар жамланган.
- “Ал-Жазира”нинг ўйин жиҳатдан кучли ва кучсиз томонлари ҳақида нималар дея оласиз?
- Таркиб борасида сўзсиз “Ал-Жазира” кучли жамоа. Лекин уларнинг ҳам ожиз нуқталари бор. Рақибнинг ҳужум чизиғи қанчалик кучли бўлса, иккита марказий ҳимоячиси шунчалик кучсиз, деб ўйлайман. Ўнг қанот ҳимоячиси жудаям қўпол ўйнайди ва кўп хато қилади. Лекин у ҳужумга тез-тез қўшилиб туради. Чап қанот ҳимоячиси эса жуда катта ҳажмдаги ишни амалга оширади. Олдинги чизиқларда эса асосий куч легионерлар зиммасига юклатилган.
Баҳодир Мирзаев суҳбатлашди