Ёхуд Европа Чемпионлар Лигаси нимчорак финалига қуръа ташланди
2015 йилда ҳам миллионлар ўйинининг ашаддий ишқибозлари сира зерикиб қолмайдиган бўлди. Боиси, Европа Чемпионлар Лигаси нимчорак финалига ташланган қуръа натижалари шуни кўрсатиб турибдики, бу сафар ҳам бир-бирига муносиб рақиблар тўқнаш келишган. Демак, мақоламизда ана шу ҳақда сўз юритамиз.
«ПСЖ» — «ЧЕЛСИ». Мавсумни ажойиб тарзда бошлаган француз клуби ҳозирга келиб бироз кучсизланган. Буни «Барселона»дан учралган мағлубият ҳам тасдиқлаб турибди. Негаки мавсум бошида жамоа Ибрагимовичсиз Каталония клубини мағлуб этганди. Аксига олиб, ҳозир Златаннинг ўйини унчалик ўхшамаяпти. Бир сўз билан айтганда, «ПСЖ»нинг ўйинида сусайиш кўзга ташланмоқда.
«Челси»да эса бунинг акси. Моуринью шогирдлари бу сафар анча дадил ҳаракат қилишмоқда. Жамоа таркиби сезиларли даражада кучайган. Гарчи ЧЛ гуруҳ босқичида бир қатор кутилмаган натижалар қайд этган бўлса-да, ҳозирги ҳолатдаги имкониятлари ҳам рақибникидан кўпроқ. Агар асосий ижрочилар ўз ўйинини кўрсатишса ва Жозе керакли тактикани топа олса, «Челси»нинг кейинги босқичга чиқиш имконияти ошади.
«МАНЧЕСТЕР СИТИ» — «БАРСЕЛОНА». Бу жамоалар ўтган мавсумда ҳам тўқнаш келишганди. Умуман, «Манчестер Сити»нинг «Барселона» билан ҳисоб-китоблари кўпайиб қолган. Мануэл Пеллегрини шогирдлари ҳозир яхши формада. Буни гуруҳ ўйинларида «Бавария»нинг мағлуб этилиши ҳам кўрсатиб турибди. Шунингдек, Агуэро гол уриш борасида етакчига айланди. Фақат бир муаммо бор, яъни ўтган мавсумда ҳам кучли деб ҳисобланган “шаҳарликлар” «Барселона»га муносиб қаршилик кўрсата олишмаганди. Бу эса руҳий ҳолат билан боғлиқ. Демак, Пеллегрини шогирдларининг миясидан «Барселона»ни енгиб бўлмайди», деган тушунчани чиқариб ташлаши шарт. Шундагина керакли натижага эришиш мумкин.
«Барселона» эса бу мавсумга ўзгача кўриниш билан етиб келди. Таркиб кучайди, дейиш бироз нотўғрироқ бўлар, боиси янги футболчилар ҳали жамоага тузукроқ фойда келтиргани йўқ. Англияда порлаган Суарес Каталония об-ҳавосига мослаша олмаяпти. Унинг нурсиз ўйинлари гапимизни яққол исботлайди. Аммо Месси ва унинг жамоадошлари «Манчестер Сити»ни мағлуб этишнинг ҳадисини олишган. Шу боис қандай формада бўлишидан қатъи назар, барибир, Энрике шогирдларининг имконияти юқорироқ. Агар Суарес — Неймар — Месси учлигининг иши юришса борми, Жо Хартига ҳавас қилиб бўлмаслиги аниқ.
«БАЙЕР» — «АТЛЕТИКО МАДРИД». Бундеслигада кўнгилдагидек иштирок этаётган «Байер» Чемпионлар Лигасида ҳам ёмон ўйин кўрсатмаяпти. Германия жамоалари сўнгги вақтларда кутилмаган натижалар кўрсатишга уста бўлиб кетаётганини инобатга оладиган бўлсак, бу сафар ҳам «Байер» Симеоне шогирдларига яхшигина бошоғриқ бўлиши тайин.
Дунё клублари орасида етакчиларини сотиб ҳам ўз қудратини сақлаб қола олган ягона жамоа — «Атлетико Мадрид». Аргентиналик мутахассис шунақа жамоа туздики, унда яққол кучли футболчи йўқ, ҳамма бирдек ҳаракат қилади, жамоа эса биргина футболчига боғланиб қолмайди ва айнан ана шу жиҳатдан рақибларига яхшигина ташвиш келтиради. Боиси, «Атлетико»нинг исталган ўйинчиси рақиб дарвозасини ишғол қилиши мумкин. Агар Симеоне бу сафар ҳам ўтган галгидек тактика қўллай олса, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритиш у қадар қийин бўлмайди.
«ЮВЕНТУС» — «БОРУССИЯ ДОРТМУНД». Массимилиано Аллегри қабул қилиб олганидан кейин кўпчилик «Ювентус»нинг кучсизланишини кутганди. Бироқ жамоа нимчорак финалга чиқиш вазифасини уддалади. Бироқ, барибир, жамоа Конте бошқарган даврдагидан бироз кучсизлангани сезилмоқда. Эҳтимол, бу Аллегрининг ҳали жамоага тўлиқ мослашиб улгурмагани билан боғлиқдир. Ўтган турда “А” серияда нурсиз дуранг қайд этилгач, «Рома» билан орадаги фарқ минимал даражагача қисқарди. Бу эса футболчиларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатгани табиий. Ўйинчилар бу ҳолатдан чиқиб кета олишса, ҳаммаси жойига тушади.
«БОРУССИЯ ДОРТМУНД». Бундеслигада сўнгги ўринларга тушиб кетиб, ишқибозларни ҳайрон қолдирган Юрген Клопп шогирдлари ЕЧЛда, хартугул, яхши ўйин кўрсатишяпти. Ґатто гуруҳда биринчи ўринни эгаллашни ҳам уддалашди. Шундай бўлса-да, барибир, бу жамоа ўтган мавсумда «Реал»ни мағлуб этган, ундан олдин эса мазкур клубни мусобақадан чиқариб юборган «Боруссия» эмас. Боиси, Клопп бир қатор етакчиларидан айрилди. Аммо ҳали ҳам жамоада ўйин тақдирини ҳал қила оладиган футболчилар етарли. Шу боис бош мураббий бу ҳақда яхшигина бош қотиришига тўғри келади.
«ШАЛЬКЕ-04» — «РЕАЛ МАДРИД». «Реал» яққол фаворит дейишга шошилманг, боиси, «Шальке-04»ни ўз бошқарувига олган мутахассис Роберто Ди Маттео «Челси»га мураббийлик қилганда қандай натижа кўрсатгани ёдингиздан чиқмагандир. Ўшанда кўпчилик «Бавария»ни яққол етакчи деб ҳисоблаб турганида Маттео шогирдлари немис клубининг попугини пасайтириб қўйган ва «Челси» ЕЧЛда бош совринни қўлга киритганди. Бу сафар ҳам Ди Маттео асосий совринни мақсад қилгани табиий. Эҳтимол, олдинги тактикаларини янада пишитиб қўйгандир. Фақат биргина муаммо бор — у «Шальке-04»дан ўз Дрогбасини топа олармикин? Нима бўлганда ҳам, Ди Маттео шогирдларини «Реал»нинг бошига «Бавария»нинг кунини соламиз!» дея руҳлантириши шарт.
«РЕАЛ МАДРИД». Карло Анчелотти Мадриднинг асосий клубини ўзига хос натижага мушарраф қилмоқчи, яъни «Реал» яна бир бор ғолибликни қўлга киритишни мақсад қилган. Ваҳоланки, ҳали ҳеч бир жамоа қаторасига икки бор ЕЧЛ ғолиби бўлмаган. «Реал» бу мавсумда янада кучайди, буни гуруҳ босқичида юз фоизлик натижа қайд этганидан билиш ҳам мумкин. Фақат Анчелоттини бир нарса, тиғиз ўйинлар ўйлантириши мумкин, холос. Агар ана шу матчлар давомида асосий ўйинчилар жароҳат олишмаса, жамоа нимчорак финалга тўлиқ таркиб билан етиб келса, ҳаммаси жойида бўлади.
«ШАХТЁР» — «БАВАРИЯ». «БАТЭ» дарвозасига икки ўйинда нақ 12 бор тўп киритган «Шахтёр» ва, айниқса, жамоа ҳужумчиси Луис Адриано бу сафар ҳазиллашишмаётганини исботлади. Гол уриш бўйича Криштианунинг рекордини такрорлаган Адриано бу сафар ҳам рақиб дарвозасига йўл топишга ҳаракат қилади. Умуман олганда, «Шахтёр»ни мазкур жуфтликда яққол аутсайдер деб бўлмайди.
Хосеп Гвардиола шогирдлари эса нафақат чорак финал, балки финалга чиқиш ва мусобақа бош совринини эгаллашни мақсад қилишган. «Бавария» эса бунинг учун рақибларини мағлуб этишга мажбур. Бунга эса «немис машинаси»нинг қурби етади. Ґар ҳолда, жамоада етакчилар етарли. Фақат Пеп бу футболчилардан тўғри фойдалана олса бўлди.
«АРСЕНАЛ» — «МОНАКО». Кўпчилик бу қуръани Арсен Венгерга ўзига хос совға деб баҳолаяпти. Бир қарашда, «Монако» лондонликларнинг шу вақтгача бўлган рақиблари орасида энг кучсизи, аммо умумий тарзда олиб қараганда нимчорак финалда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Бу ҳам етмагандек, «Арсенал» барқарор ўйин кўрсата олмаяпти. Аммо, барибир, Арсен Венгерда бу сафар имконият кўпроқ.
«Монако» ҳам осонликча таслим бўлмайди. Француз жамоаси гуруҳдан чиқдими, бу ёғига ҳам бор кучи билан ҳаракат қилади. Ким билади дейсиз, «Арсенал»ни уйига кузатиб қўйиш «Монако»нинг ҳам қўлидан келар?!
«БАЗЕЛЬ» — «ПОРТУ». Бу иккала жамоанинг кучини тенг деб баҳолаш тўғрироқ бўлади. Чунки иккала клубдан бирини яққол кучли деб таърифлаш мушкул. Ґаммаси ўйинчиларнинг қандай тайёргарлик кўриши ва бош мураббийларнинг кўрсатмаларига боғлиқ.
Низомжон ИСЛОМОВ