Янги мавсумни Жанубий Кореянинг энг кучли клубларидан саналган «Ульсан Хёндэ» сафида бошлайдиган ҳамюртимиз Сервер Жепаров клуби билан кей-лига стартини кутмоқда. Кей-лиганинг 1-тури бугун бошланади.
«Ульсан» эса эртага ўз уйида «ФК Сеул»ни қабул қилади. Ҳозирда клубда Серверга жуда илиқ муносабатда бўлишмоқда. Ҳаттоки жамоанинг 40 ёшли бош мураббийи Юн Жонг Хван корейс матбуотига тажрибали ҳамюртимиз ҳақида:
“Жепаров маҳоратли футболчи. Шу билан бирга у ростгўй ва ишончли йигит», — дея фикрини билдириб ўтган. Бу мавсум Сервердан умидлар катта. Уни маҳаллий мухлислар «Ўзбекистонлик сеҳргар», деб аташмоқда. Кеча Жанубий Кореянинг «Footbaalist» нашри мухбири «Ульсан»нинг машғулотлари тугагач ҳамюртимиздан қисқача интервью олди.
— Кей-лигада «Сеул» ва «Сеонгнам» каби пойтахт ва пойтахтга яқин клубларда тўп сурганлигим сабаб Ульсан шаҳрини ҳали тўлиқ билмайман. Бу ерга келганимга эндигина бир ой бўлди. Денгиз бўйлари гўзал экан. Катта супермаркетлар ҳам кўп. Эртага аёлим Мария ва фарзандларим Вероника, Миа, Раул ҳам бу ерга етиб келишади. Умуман олганда, бу ердаги ҳолатимдан мамнунман, — дея сўз бошлади Сервер.
— Ульсанга келганингизга бир ой бўлибди. Бу ерга қанчалик мослашиб олдингиз?
— Ҳали 100% мослашолганим йўқ. Лекин жамоадаги муҳит аъло даражада. Камчиликларимизни ўйинлар давомида тўғрилаб борамиз. «Сеонгнам»да бирга ўйнаган корейс футболчилар ҳам борлиги туфайли бу ерда ўзимни эркин ҳис қиляпман. «Сеонгнам»далигимда дам олиш вақтлари Сеулга борардик. Бу ернинг эътиборли жойларини ҳали яхши билмайман.
— Бош мураббий Юн Жонг Хван ҳақида фикрингиз қандай? У ҳам яқин-яқингача футболчи эди...
— Футболчи сифатидаги ўйинларини кўрмаган бўлсам ҳам машғулотлар жараёнида тўп билан ишлашлари профессионал даражада. У ўз фикрлари ва кўрсатмаларини аниқ тушунтира олади. Мақсади бор. У менга жуда ишонмоқда ва мен ўз ўйиним билан ишончини оқлаш ниятидаман.
— Бизга маълум бўлишича, сизга қишда бошқа давлатлар лигаларидан ҳам яхши таклифлар тушган. Яна кей-лигани танлашингиз сабаби нима?
— Мен Кореяни яхши кўраман. Оилам ҳам бу ерда бахтиёр. Бу ерда тўрт фасл унчалик совуқ эмас. Таомлари ҳам ёқади. Фақат аччиқ таомларини ҳисобга олмаганда, албатта. Бу ернинг чўчқа гўшти, ўрдак гўшти жуда ёқади. Ўғлим умуман гўшт емасди. Кореяга келгач у ҳам гўшт ейишни бошлади. Бу ерда оилам учун барча нарса муҳайё. Бунинг устига кей-лига Осиёдаги энг кучли чемпионат. Кей-лигада ҳақиқий кураш бўлади. Бундай кучли лигада ўйнаш менга ёқади.
— Футболда ёш ўтган сари ҳар томонлама қийинлашади. Сиз ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
— Ҳали футболчилик даврим тугаяпти деб ўйламайман. Мана Андреа Пирло ва Хави каби футболчилар шу ёшда ҳам юқори савияда ўйнашяпти. Футбол бу фақат югуриш дегани эмас — фикрлаш деганидир. Футболда тажриба муҳим. Мен яна узоқ ва узоқ (Шу жойига Сервер қаттиқ урғу беради) футбол ўйнаш ниятидаман. Жисмоний ҳолатимга эътиборлиман. Кей-лигада камида 37 ёшимгача тўп суриш мақсадим бор (кулади).
— Осиё Кубогида Ўзбекистон ва Жанубий Корея тўқнаш келишди. Шу ҳақдаги фикрларингиз.
— Ўзбекистон ғалаба қозона оладиган ўйин бўлди. Қўшимча дақиқаларда ҳимоядаги хатолар эвазига мағлубиятга учралди. Жанубий Корея Осиёдаги энг кучли жамоалардан бири. Англия ва Германияда тўп сурадиган футболчиларингиз ҳал қилувчи ўринга эга. Мен ҳам Ўзбекистон терма жамоаси сафида 2018 йилги Жаҳон чемпионатида қатнашишни истайман. Аввало саралаш босқичидан ўтишимиз лозим.
— Бу йил «Ульсан Хёндэ» билан мақсадингиз қандай?
— Кей-лигадаги ҳар бир клубим сафида биттадан совринни олганман. Бу йил «Ульсан» билан ҳам кей-лига чемпионлиги, ҳам Кубокни қўлга киритишни истайман. Мен футболчиман. Футбол — менинг ҳаётим. Доим соврин ютиш истагида ёнаман. Бу йил майдонда жамоадошларимни самарали тўп узатишларим билан таъминлаш ниятидаман. Табиийки, голлар ҳам киритиш менинг доимий мақсадим.
Отабек Йўлдошев
Жанубий Корея, Сеул