Кириш Регистрация
06/08 19:00 Сўғдиёна 1-0 Андижон
06/08 20:00 Пахтакор 2-2 Бухоро
07/08 19:00 Сурхон - Навбаҳор
07/08 19:30 Локомотив - Динамо
07/08 20:00 Хоразм - Машъал
08/08 19:00 Нефтчи - Қизилқум
08/08 19:30 Бунёдкор - ОКМК
08/08 20:00 Насаф - Қўқон-1912

Блог

Рустам Сулаймонов

Бир чимдим кулгу

Энг яхши жамоа (Ҳажвия)

Баҳо:
+2; -0

- Тасаввур қилинг – сиз Ўзбекистоннинг энг яхши жамоаси! - Янги бош мураббийимизнинг илк машғулотдаги илк гапи шу бўлди. - Ҳар бирингиз - Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси.

Кимдир мийиғида кулиб қўйди, кимдир “пиқиллаб” юборди. Бу мураббийга ёқмаганини юз-кўзидан билиб олдик, аммо унинг ўзи буни билдирмасликка ҳаракат қилди. Гапига кулганимиз учунми, ё бу мураббийнинг усули шунақами, билмадик, лекин ўша куни ҳаммамиз машғулот майдонини эмаклаб тарк этдик. Мураббий бизни роса “эзди”, кейинги кун ҳам, ундан кейинги кунларда ҳам. Ёмон қийналдик. Ўта қаттиққўл, айтганини қилдирмасдан қўймайдиган одам бўлиши билан бирга вақти-вақти билан ҳазиллашишни ҳам ўрнига қўядиган экан. Машғулотда биз чарчар эдик, аммо у ўша иборасини такрорлашдан чарчамасди:

-Тасаввур қилинг – сиз Ўзбекистоннинг энг яхши жамоаси!

Икки ой деганда пишиб етилдик, зўриқишларга кўникиб кетдик. Футболда “тактика” деган нарсалар ҳам борлигини шу мураббийдан ўргандик. Майдонда эса ўзимизни қушдай ҳис қила бошладик. Секин-секин ғалаба таьмини татиб кўра бошладик.

- Аввалги ўйинларда мен сизлардан ғалаба талаб қилмаганман, - деди мураббийимиз бир муҳим ўйин олдидан. – Бу сафар, сал бошқача. Ютишимиз шарт! Ҳар бирингиз ўзингизни Ўзбекистоннинг энг яхши ўйинчиси деб тасаввур қилинг.

Ўзимизга бўлган ишонч ҳам шу даражага етгандики, йигитлар билан ўзаро келишиб, мураббийимиз билан бир ҳазиллишмоқчи бўлдик. Ўйлаган ҳазилимиз бироз қалтисроқ бўлсада, у ҳазилни тушуна олгани учун ўйинни боришига қараб, бир таваккал қилмоқчи бўлдик.

Биринчи бўлим тугаб, танафусга чиққанимизда мураббийимиз диққати ошиб бизларни койиб кетди:

- Мен ҳайрон қоляпман, нега гол урмаяпсизлар? Нега тўррта вазиятни атайлаб урмадинглар? Ким тушунтириб беради, – дея сардоримизга қаради. Ҳамма қилиқ ўзи шундан чиққан эди...

- Устоз... – деди қитмирона кулиб сардоримиз, - “Мен Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийиман” десангиз, бўлди, гол урамиз!

Ҳаммамиз енгилгина кулиб, хавотир аралаш устозимизнинг жавобини кутдик.

- Ҳаҳ, сенларни! – деди устозимиз. – Қасос денглар? Қани ҳамманг майдонга чиқда, голингни ур!

Ҳазил охирига етмай қолди. Иккинчи бўлимда янада зўрроқ ўйнай бошладик, тўп оширишлар, хавфли вазиятлар яратишлар... Бир вазиятда яққол гол бўлиши мумкин жойда тўпни бир-биримизга ошириб туравердик... Устозимиз майдон четига келиб бақирди:

- Ҳа, майли! Мен – ўшанақаман!

Шундан кейингина гол урдик. Янада очилиб кетдик. Бир вазиятда ҳужумчимиз дарвозабонни алдаб ўтдида, тўпни очиқ дарвоза олдида тўхтатиб, мураббийимиз томонга қаради. Мураббийимиз бош силкиди: “Теп, теп, мен шунақаман...” Ҳатто бир ҳимоячимиз ўз жарима майдончамиз ичида рақибнинг уч ўйинчисига дриблинг кўрсата бошлади. Тўпни олдириб қўйса, тамом – гол. У ҳам мураббийимизга қараб энг яхши мураббий эканлигини тасдиқлатиб кейин тўпни олдинга оширди.

Мен ҳам четда қолмадим. Бурчакдан ҳаволатиб оширилган тўпга ҳаммадан баланд сакрадим ва устозимизга қарадим, у эса бошини қимирлатди: “уравер, мен шунақаман”. Тўп етиб келгач, уни бошим билан дарвозага жойладим... Дарвозабонимиз ҳам рақиб кучли зарба йўллаганда қайтаришдан олдин устозимизнинг бошини силкитиб, кейин “сейв” қилди.

Биз йирик ҳисобда ютдик. Ўйиндан кейин ҳамма хурсанд. Мураббийимиз бизни уришмади, сўкмади. Мақтамади ҳам. “Яхши, яхши” дерди, холос.

Бир кун дам олганимиздан сўнг яна машғулотга чиқдик. Устозимиз машғулотдан олдин ҳаммамизни сафлаб, деди:

- Хўш, жаноб қасоскорлар, бошлаймиз бўлмаса. Фақат, машғулотларимиз ҳам бугундан бошлаб бошқача бўлади. Энди сиз ўзингизни Жаҳоннинг энг яхши ўйинчиси деб тасаввур қилинг!

Киритилган сана: 15.07.2012 19:31. Ўкилди: 12050 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик