Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

“Шўртан” шўнғишда давом этадими?

Баҳо:
+ | -

Қашқадарё вилоятида футболга бўлган эътибор ва ғамхўрлик айрим ҳудудларимизда ҳозиргача орзу бўлиб қолаётгани сир эмас. Айниқса воҳалик футбол ишқибозларига бошқа кўпгина вилоятдаги футбол мухлислари ҳавас қилиши кўпдан буён бизга маълум.

Қашқадарё вилоятидан эркаклар ўртасидаги катта футболнинг юқори лигасида уч жамоа, аёллар ўртасидаги олий лига чемпионатида  ҳам уч жамоа иштирок этмоқда Бошқа лигаларда ҳам кам жамоа иштирок этаётгани йўқ. Бу албатта таҳсинга сазовор.

Футболдек қиммат “эрмак” учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш учун қанчадан-қанча маблағлар, куч, саъйи-ҳаракат ва асаб кераклигини футбол ташвишида юрган инсонлар жуда яхши билишади. Бундан кўпгина мухлислар ҳам бохабар. Чунки аксарият футбол мухлисларининг ҳаёт мазмуни футболдан айро эмас.

Хўш, мана шунча маблағ ва саъйи-ҳаракатлар эвазига қурилган футболдаги масъул кишилар ўзларининг олиб бораётган фаолиятидан озгина бўлса ҳам “қизаришади”ми?

Аслида ушбу фикрларни қозозга туширишга сабаб, 20 июнь куни бўлиб ўтган “Шўртан” – “Локомотив” учрашувининг натижаси бўлди. Бу натижадан биз фожеа ясаш ниятимиз йўқ, аммо мухлис сифатида бефарқ бўлиб, жим ҳам тура олмаймиз.

Келинг бу йилги мавсумда “Шўртан” жамоасининг кўрсатган натижаларини бир эслатиб ўтсак:

1-тур: “Нефтчи” – “Шўртан” 1:1
2-тур: “Шўртан” – “Сўғдиёна” 3:0
3-тур: “Бунёдкор” – “Шўртан” (қолдирилган)
4-тур: “Шўртан” – “Динамо” 1:0
5-тур: “Пахтакор” – “Шўртан” 2:1
6-тур: “Шўртан” – “Насаф” 1:2
7-тур: “Андижон” – “Шўртан” 0:0
8-тур: “Шўртан” – “Олмалиқ” 3:3
9-тур: “Қуқон-1912” – “Шўртан” 2:1
10-тур: “Шўртан” – “Бухоро” 4:1
11-тур: “Қизилқум” – “Шўртан” 3:1
12-тур: “Машъал” – “Шўртан” 1:2
13-тур: “Шўртан” – “Локомотив” 0:4

Мавсум бошида ҳозирги пайтда турнир жадвали пешқадамларидан бири “Нефтчи” жамоаси билан сафарда 1:1 натижа қайд этган Мухтор Қурбонов жамоаси 9-турда чемпионатимиз дебютанти “Қуқон-1912” жамоасига 2:1 ҳисобида ютқазиб қўйган. Амалдаги чемпион “Пахтакор” билан сафарда 2:1 ҳисобини қайд этган жамоа 13-турда, яна ўз майдонида “Локомотив”га 0:4 ҳисобида мағлубиятга учраяпти.

Бунга сабаб нима бўлиши мумкин? Келишилган ўйин деб, баҳолашдан йироқмиз. Аммо бир ачинарли томони шундаки, бош мураббий Мухтор Қурбоновнинг “Локомотив” жамоасига қарши қўллаган тактикаси ва ташкил этган ўйини футболга озгина тушунган одамда шубҳа ўйғотиши турган гап. Нима, жаноб Қурбонов болалар боғчасидагиларга футбол спектакли қўйиб бераяптими ёки умри чангалакзорда ўтган футбол ёки цивилизациядан йироқ ёввойи одамлар учун футбол кўрсатмоқчи бўлдими? Балки, қашқадарёлик футбол ишқибозлари футболга унчалик тушунмайди деган, фикрдадир! Агар шундай бўлса, қаттиқ адашади.

Учрашув бошлангандан олдинга ўтган меҳмонлар вакили Жасур Ҳасанов (каттаси) бир неча маротаба ҳимоячилар қўрғонини бузиб ўтишга муваффақ бўлди, афсуски кетма-кет ана шундай вазиятларда ҳимоячилар ҳам Жасурга ортиқча қаршилик кўрсатишмади ва яна шундай ташкиллаштирилган рейдда Жасур Ҳасанов ҳисобни очди. Одатда мана шундай ҳолатларда жамоа мураббийи бирдан ўрнидан туриб, ўз қўл остидагиларга танбеҳ беради ёки бўлмасам ҳаракатидан кўнгли тўлмаган ўйинчини алмаштиради ва ҳакоза чора кўради. Мухтор Қурбоновчи? У худди тўйга келган азиз меҳмондек, томошабин бўлиб қолаверди. Энг қизиғи унинг тарафидан ҳеч қандай реакцияни кўрмадик.

Ўйиннинг қолган вақтларида ҳам Мухтор Қурбоновнинг ўйинга бўлган муносабати ўзгармади, ёки ўйин тактикаси ҳам ўзгармади, натижада яна гол ва яна гол,гол!

Хуллас шармандалик ҳисобда имкон бой берилди. Воҳа футболи ишқибозларининг ҳафсаласи пир, кайфияти ноль бўлди. Тўғриси, биз “Шўртан”нинг 6-турда “Насаф”га қарши ўтказган ўйинидан ва Ўзбекистон Кубоги баҳсида “Пахтакор” жамоаси устидан қўлга киритилган ғалабасидан келиб чиқиб, “Локомотив”га қарши бўлган учрашув ҳам муросасиз бўлишини кутган эдик, афсуски, бундай бўлмади.

Кейинги пайтда “Шўртан” жамоасининг молиявий аҳволи тўғрисида расмий баёнот матбуотда бир кўриниш берди-ю яна йўқолди. Балки, ҳақиқатан шундайдир! Балки жамоанинг ҳомийларга бу – “муносиб жавоби”дир! Шундай бўлса, кечирасизлар ҳурматли мураббий ва футболчилар, одамда салгина орият ва ғурур ҳам бўлиши керак! Ҳамма нарсани пул билан ўлчаб, пулга чақcангиз касбингизни ўзгартиришни маслаҳат берамиз. Ана тадбиркорлик қилинг, бизнес билан шуғулланинг! Давлатимиз томонида тадбиркорликка кенг йўл очиб берилмоқда.

Аммо сиз бугун футболчи ёки мураббий ундан сал нарига ўтсак, номи чиққан клубга раҳбарлик қилаяпсиз! Фақат ўзингизни ва пулни ўйламасдан мухлисларни ҳам ўйланг, агар қўлингиздан келмаса, озгина ғурур бўлмаса, ўрнингизни футболга фидоий инсонларга бўшатиб қўйинг. Бундай инсонлар Амир Тимур бобомиздек  буюк инсонни ўлғайтирган Қашқадарё воҳасида кўплаб топилади.

Шу ўринда клубга ҳомийлик қилаётган “Шўртангаз” унитар корхонаси раҳбарларига ҳам бу ҳақда дўппини столга қўйиб бир жиддийроқ ўйлаб кўришни таклиф этган бўлардик. Ахир Сиз раҳбарлик қилаётган катта бир корхона ишчи-ходимлари, заҳматкаш меҳнаткашлари кечани-кеча демай, Қашқадарёнинг қаҳратон совуғию, жазирама иссиқ об-ҳавосига қарамай топаётган пуллари эвазига “боқиб” турган “боқимандалар”ингиз бераётган “нон”ларингизни ишончини оқлаяптимикан? Биламизки, Сиз томондан “пул берган пайтимиз ютинглар, пул йўқ пайти билганларингни қилинглар”,  деган гап-сўзлар айтилмаган бўлса керак! Балки бундайларга пул бериш билан бирга салгина орият ва ғурур ҳақида, Қашқадарёдек кенг салоҳиятли вилоятнинг шарафи ва обрўйи ҳақида озгина “дарс” бериш керакдир. Ёки бу “нозиктаъб” раҳбар, мураббий ва футболчиларга шундай “қулай” шароитларни қилиб беришда давом этаверасизми?

Узоққа бормасдан воҳамизнинг яна бир жамоаси “Насаф”даги раҳбар, мураббий ва футболчилардан нега ўрнак олмайсиз? Биз мухлислар бир нарсани жуда кўп йиллардан бери кузатиб келаяпмиз, бошқа кучли жамоалар олдида “юввош” тортиб қоладиган воҳамиз жамоалари айнан “Насаф”га қарши ўйинларда “тишларини кўрсатгилари” келиб қолади, “Насаф”ни тўхтатиш учун бор кучини ва ҳаттоки жонини беришга ҳам тайёр туради. Майли, буни биз олқишлаймиз, мухлис учун курашларга бой ва муросасиз ўйин кўпроқ завқ беради. Эй шоввозлар, шу кучларингни бошқа жамоаларга ҳам кўрсатинглар, сизларнинг ўйинларингдан ҳам жуда кўп қора кўзлар ижобий натижа кутиб турганини озгина бўлса ҳам ҳис қилинглар! Ҳамма сизларга ҳам қойил қолсин, стадиониингизга мухлис сиғмай кетсин! Афсуски, бу воқеа бўлмаяпти, бўлмаса ҳам керак. Майли, “Насаф” бир йўлини қилар, у ерда ҳар ҳолда орияти ва ғурури борлар ишлаяпти, шунга бўлса керакки “Насаф”га бўлган меҳр ва эътироф нафақат Қашқадарёда балки, бошқа вилоятларда ҳам кўпайса кўпаяптики, камайгани йўқ.

Биз “Шўртан”ни ҳеч бўлмаганда кучли тўртликка киришини жуда хоҳлагандик. Ишонаманки, жамоа бунга қодир. Фақатгина ишлар тўғри йўлга қўйилса, ҳомий томонидан озгина эътибору, шунга яраша талаб қўйилса бас!

Олим Толипов

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 16:02, 24.06.2015.
Ўқилди: 3275 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.