Москванинг “ЦСКА” жамоаси бош мураббийи Леонид Слуцкий ўзининг Россия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлангани ҳақидаги миш-мишларга изоҳ бериб ўтди.
“Эҳтимол мен терма жамоа бўйича изоҳ бера оладиган сўнгги одам бўлсам керак, сизга ўхшаб мен ҳам буни ўқиб биляпман. Тўғрисини айтганда бу мавзу жонга тегишни бошлади. Мен бунга эътибор бермасликка ҳаракат қилмоқдаман, менингча бу вазият кулгили”, деб айтди Слуцкий НТВ+ телеканалига берган интервьюсида.
Журналистларнинг “бу вазият нимаси билан кулгили экани”ни тушунтириб бериш борасидаги илтимосларига Слуцкий: “Мени менсиз уйлантириб қўйишиб, бу ҳақда менга нималарнидир айтишмоқда ва ёзишмоқда, мен эса ҳеч нарсадан бехабарман”, дея жавоб берди.
Россия терма жамоаси бош мураббийи лавозимига асосий номзодлардан бири сифатида Леонид Слуцкий номи ҳам келтирилаётган эди. Бироқ Россия спорт вазири Виталий Мутко журналистлар Слуцкийни терма жамоага бош мураббий қилиб “тайинлашда” бироз шошиб қўйганларини айтган.