"Манчестер Юнайтед"нинг янги бош мураббийи Жозе Моуриньо жамоанинг собиқ устози сэр Алекс Фергюсоннинг рекордларини такрорламоқчи.
Фергюсон 1986 йилдан 2013 йилгача "МЮ"ни бошқарган ва 13 марта Англия чемпионлиги, икки марта чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритган. Умумий ҳисобда шотландиялик мутахассис клуб билан 38та совринга эришган.
"Сэр Алекс Фергюсон рекордларини таркрорлаш ниятимни яширмайман. Бу қийин иш, аммо кўпчилик менинг ўрнимда бўлишни истайди, ҳаммага ҳам бундай имконият берилавермайди. Менинг омадим келди. Мен клуб тарихини яхши биламан ва мухлислар мендан нима кутишаётганидан хабарим бор.
Умуман олганда мен ҳаяжонланаётганим йўқ. Биз фаолиятимнинг энг керакли нуқтасида шартнома имзоладик. Мен бу клуб ва бу мамлакатда ишлашни истайман. Чемпионлар лигасида қатнаша олмаслигимиз бироз афсусланарли. "Манчестер Юнайтед" бу мусобақада қатнашиши шарт бўлган клубдир", - дейди Моуриньо.