Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун Тошкентда Ироққа қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди (2:1). Учрашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида Ироқ терма жамоаси бош мураббийи Рози Шенайшил иштирок этди.
— Аввало Тошкентдаги йиғинимизни ташкил қилишда иштирок этган барчага миннатдорчилик билдираман. Боиси, бу йиғин бизга жуда ҳам керак эди. Биз янги Ироқ терма жамоасини тузиш режасини амалга оширяпмиз. Тошкентда иккита ўртоқлик ўйини ўтказиб, ўзимиз учун керакли хулосаларни чиқариб олдик. Бу ўйинлар орқали терма жамоага номзод бўлган бир қанча футболчиларни синовдан ўтказиб олдик.
Яна бир нарсани таъкидлашим керак, Осиё кубоги-2015да иштирок этган Ироқ терма жамоасидан ҳозирги таркибда бор-йўғи 3 нафар футболчи қолган. Шу боис, янги футболчиларни синовдан ўтказиш орқали маълум хулосаларга эга бўлдик. Адашмасам, бугунги таркибга кирган футболчиларнинг 75 фоизи илк марта Ироқ терма жамоаси сафида майдонга тушишди.
— Бугун ўйнаган футболчилар орасида Рио-2016 олимпиадасига борадиганлари ҳам борми?
— Тахминан 4-5 нафар футболчи Бразилиядаги олимпия ўйинларига боради.
— Ёш футболчиларга сентябрда бошланадиган ЖЧ-2018 саралаш баҳсларида ҳам ишонч билдиришда давом этасизми?
— Бизда асосий ва олимпия терма жамоалари бор. Ҳозир асосий эътибор олимпиадага тайёргарликка қаратилган. Терма жамоанинг асосини эса легионерлар ташкил қилади. Ҳозирда ФИФА кунлари бўлмагани учун уларнинг хизматидан фойдалана олмадик. Янги номларни кашф қилиш учун мана шундай йиғинлар ва ўртоқлик ўйинларидан фойдаланяпмиз. Мен Ироқ футбол федерацияси билан 3 йиллик шартнома имзолаганман. Шу давр мобайнида кўпроқ ёш футболчиларга имконият беришга ҳаракат қиламан.
— Янги футболчиларни синовдан ўтказиш билан бирга янги ўйин ғояларини ҳам синаб кўрдингизми?
— Албатта. Бугунги ўйинда янги ғояларни тўлиқ синовдан ўтказмаган бўлсам-да, янги ғояни амалга оширишга ёрдам бериши мумкин бўлган янги кучларни синаб кўрдим. Қатарга қарши навбатдаги ўртоқлик ўйинларида янги режаларни амалга қўллашда давом этаман. Шундан сўнг сентябрда бошланадиган ЖЧ-2018 саралаш ўйинларида қўллаш мумкин бўлган тактикалар пишиб етилади.