Испания терма жамоаси собиқ бош мураббийи Висенте дель Боске «Реал» ва «Барселона» футболчиларининг ўзаро ёмон муносабатлари миллий жамоага салбий таъсир кўрсатганлигини яна бир бор эслаб ўтди. Бу ҳақда «Чемпионат»хабар бермоқда.
Испан грандлари ўртасидаги таранглик «қаймоқранглилар»ни Жозе Моуриньо бошқарган пайт авжига чиқди. Мураббийлар ва ўйинчилар ОАВларда билдирган фикрлар туфайли эҳтирослар нафақат майдонда, балки ундан ташқарида ҳам жўш урганди.
«Бу қийин пайтлар эди. Мазкур икки жамоа ўртасида доим рақобат бўлган ва у давом этади. Менинг вазифам ўйинчиларни биринчи галда ўзлари ютқазаётганларига ишонтиришдан иборат эди. Улар ҳеч ким учун ўрнак бўлиб хизмат қилмаётганди. Телевизор орқали ҳаракатларини кузатиб, ‘Реал’ ва ‘Барселона’ футболчилари бошқалардан кўра кўпроқ ўзлари зиён кўраётганларига тушуниб етди», — дея таъкидлаган дель Боске.
Эслатиб ўтамиз, Евро-2016 дан сўнг Испания терма жамоасига дель Боске ўрнига Португалиянинг «Порту» жамоасида ишлаб келаётган 49 ёшли Хулен Лопетеги бош мураббий этиб тайинланди.