«Барселона» раҳбарияти «Реал» ярим ҳимоячиси Искони қўлга киритиш учун жиддий ҳаракатларни бошлаб юборади.
Маълумотларга қараганда, Иско 2018 йилнинг ёзида "Реал" билан шартномаси якунига етиб, "кўк-анорранглилар" сафига эркин агент сифатида қўшиладиган бўлса, каталонияликлар футболчига 20 миллион евро кўтарма пули ваъда беришди. "Барса" Испания терма жамоаси футболчисига беш йиллик шартнома таклиф қилмоқда ва кўтарма пули ушбу давр мобайнида унга тўлаб борилади. Бундан ташқари, «Барселона» Искога анча юқори маош тўлашга тайёр. Футболчи ушбу таклифга ҳозирча аниқ жавоб қайтармади.
Мазкур мавсум давомида Иско етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётгани боис, "Қироллик клуби"ни тарк этиши мумкинлиги ҳақида бир неча марта хабарлар тарқатилганди. Шунингдек, "Реал" раҳбарияти Иско "Барселона"га ўтиб кетишини олдини олиш мақсадида мавсум сўнгида уни бошқа жамоага сотиб юбориши мумкин. Шу боис, каталонияликлар футболчининг 2018 йилда "Реал"ни эркин агент сифатида тарк этиб, "Барселона"га ўтишига умид қилишмоқда.
Иско Испания Ла лигасининг ушбу мавсумида 22та ўйинда иштирок этган бўлса, уларнинг 13тасини асосий таркибда бошлаган. У бу ўйинларда 6та гол урди ва 4та голга ассистентлик қилди.