Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Вальвердега 4 маслаҳат

Баҳо:
+ | -

29 май куни «Барселона»ни Эрнесто Вальверде бошқариши маълум қилинди. Ундан бир кун олдин каталонияликлар Испания кубогини қўлга киритишганди. Тўғриси, «кўк-анорранглилар» учун мавсум муваффақиятсиз кечди. Ҳеч қандай кубок бу камчилик ўрнини тўлдира олмайди. Янги мураббий, умуман, бундай мутахассисларга тактика борасида гапириш ноўрин. Аммо «Барса» олдинги мавқесини тиклаш учун айрим ишларни амалга ошириши лозим. Bombardir.ru ушбу масалага тўхталиб, айнан қайси масалалар ҳал этилиши лозимлигига эътибор қаратди.

Биринчи қадам: Ўнг қанот ҳимоячиси харид қилиш: - Бугунги кунда бу «Барселона»нинг асосий муаммоси. Каталонияликлар Дани Алвесдан осонгина воз кечиб юборишди. Бразилиялик футболчи эса «Ювентус»­да етакчилардан бирига айланди. Жорий мавсумда унинг ўрнини тўлдирадиган футболчи топа олишмади. 90 фоиз ўйинларда мазкур вазифани Серхи Роберто бажарди. Аммо бу йигитни айблаб бўлмайди, чунки қанот ҳимояси унинг ҳақиқий нуқтаси эмас.

Алейш Видаль эса дастлаб мураббий билан чиқишолмай, майдонга тушмади. Томонлар муроса кўчасига киришганидан сўнг Дани Алвес сингари ўйнай бошлади. Бироқ оғир жароҳат барчасини барбод қилди.

Бутун бир мавсумни ҳақиқий ўнг қанот ҳимоячисисиз ўтказишни тушуниш қийин. Шу боис, Вальверде селекционерлар билан яхши ишлашига тўғри келади. Жамоага савияли ўнг қанот ҳимоячиси жуда муҳим.

Иккинчи қадам: Ла Масия билан алоқани тиклаш: - «Барселона»нинг Кантера билан алоқаси ҳозиргидек узилиб қолмаганди. Бу ерда гап авлодлар инқирозида эмас, барчаси бош мураббийга боғлиқ. Гвардиола даврида клуб тарбияланувчиларига ўзларини кўрсатишлари учун имкон бериларди. Пеп Серхи Робертонинг юқори савияга чиқишида ёрдам берган. Бугунги кунда бу йигит асосий таркиб ўйинчисига айланиб улгурган.

Энрике эса «Барселона Б» билан мустаҳкам алоқа ўрнатмади, афтидан, у бундай масъулиятни зиммасига олишдан чўчиган. Ваҳоланки, мавсум давомида камчиликларни клуб тарбияланувчилари ҳисобига бартараф этса бўларди. Айтайлик, аутсайдерларга қарши учрашувларда вундеркинд Серхи Паленсиянинг хизматларидан фойдаланиш мумкин эди. Шу билан бирга Робертода ҳам бироз дам олиш имконияти туғиларди.

Агар Ла Масия конвейеридан тўғри фойдаланилса, якунда сифатли «маҳсулот»га эга бўлиш мумкин. Месси, Иньеста, Хави, Пикеларни унутманг. Улар айнан академия тарбияланувчилари ҳисобланишади. Агар Райкаард академияни инкор этганида нима бўларди? Ҳозир Месси қаерда ўйнарди? Янги мураббий асосий жамоа ва академия билан ўзига хос кўприк ўрнатиши лозим. Айни пайт қоғозда икки нафар иқтидорли ёшлар бор - Ли ва Мбула. Уларга очилишлари учун имкон бериш керак.

Учинчи қадам: Месси ва Иньестани сақлаб қолиш: - Лео ва Андрес бугунги кунда жамоанинг асосий футболчилари ҳисобланишади. Лекин уларнинг шартномалари 2018 йилнинг ёзида ниҳоясига етади. Мураббий учун муҳим қадамлардан бири - етакчилар билан шартнома узайтирилишини талаб қилиш. Сўнгги йилларда Мессининг «Барселона»дан кетиши ҳақида кўп гапирилди. «Шамол бўлмаса, дарахт­нинг учи қимирламайди», деб бежиз айтилмаган. Вальверде уларни қолишга кўндириши лозим.

Иньеста билан алоҳида ишлаш талаб этилади. У 34 ёшда бўлишига қарамай, «Барселона»нинг ўйинлари кўп ҳолларда Андресга боғлиқ. Қайсидир маънода, Зидан ва Роналдунинг ҳамкорлигини татбиқ этиш керак. Франциялик мутахассис «Реал» етакчисини бироз вазн ташлаш ва мавсум охирида юқори формада бўлишни таъминлаш учун ўйин дақиқаларини камайтиришга кўндирди. Натижада бу усул анча фойда келтирди. «Барса»нинг янги мураббийи ҳам Андрес учун шунга ўхшаш йўл топиши шарт. Яқинда Иньеста «Қолишимга кўндира оладиган кучли мураббий керак», - деганди.

Тўртинчи қадам: Деулофеуни қайтариш: - Делофеу Тьяго Алькантарадан кейин Ла Масиянинг келажаги порлоқ, дея эътироф этилган футболчиларидан бири эди. Тата Мартино ва Луис Энрикелар уни ўз жамоаларида кўришни исташмади. Футболчи қобилиятли бўлсада, характери жамоавий ўйинга тўғри келмайди. Чунки у индивидуалист ва худбин. Энрике Деулофеунинг иқтидорини намойиш этиш ва у билан алоҳида ишлашдан кўра, бошқа осонроқ йўлни танлади. Яъни йигитчанинг жамоадан кетишига қўйиб берди. У «Эвертон» ва «Севилья»да асосий таркиб учун курашди ва охири Монтелла бошчилигидаги «Милан»да ўзини кўрсатди.

Умуман олганда, худбинлиги учун иқтидорли футболчидан воз кечиш ярамайди. Зеро, у суперюлдузга айланиши мумкин. Мартино ва Энрике ортиқча иш қилишни исташмади ва масъулиятни ўз бўйниларига олишмади. Вальверде эса шу жиҳатни ҳам ўйлаб кўриши керак.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:54, 07.06.2017.
Ўқилди: 8401 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.