Москванинг «Спартак» клуби 16 йиллик танаффусдан сўнг Россия чемпионлигини қўлга киритди. Албатта, жамоанинг муваффақиятида клуб хужайини Леонид Федуннинг ҳиссаси каттадир. Яқинда у «Спорт-Экспресс» нашрига эксклюзив интервью берди.
- «Спартак»нинг бу ғалабасини ноҳақ дейилса, тил айланмай қолади...
- Кимларникидир айланаверади.
- Кимники?
- Червиченконики.
- Олтин медаллар «Спартак»ники бўлиши аниқ бўлганидан сўнг сиз «Анча енгилладим» дегандингиз. «Зенит»-«Терек» учрашуви якунланганидан кейин нималарни ҳис қилдингиз?
- Ҳақиқатан ҳам енгилладим. 2003 йили клуб акционери бўлганман. Бир йилдан сўнг назорат пакетини сотиб олганман. Ўтган вақт мобайнида бир неча марта совринга яқин келганмиз. 2006 ва 2009 йилларни эсланг. Олтин медалларга жуда яқин келгандик. Аммо айрим субъектив сабаблар туфайли чемпион бўла олмагандик. Кейин қора чизиқ пайдо бўлди. Унинг орқасидан бирин-кетин молиявий инқироз. Стадион қурилиши. Бозорнинг ўзгариши ва шунга ўхшаш жиҳатлар натижага эришишимизга тўсқинлик қилди. Боз устига, спортга зид ҳолатлар. Масалан, Веллитон билан бўлган вазият. Албатта, буларнинг барчаси ишимизни оғирлаштирди. Мухлислар ҳам агрессив бўлиб кетишди. ЦСКАни бир неча йил мағлуб эта олмаганимизда қанчалик қайғуришганини кўрганман. Шунинг учун Баженовнинг ғалаба тўпидан ке-йин ҳам енгил тортдим. Ич-ичимдан чемпион бўлишимизга ишонгандим. Чунки «Спартак» кучайиш билан бирга рақиблар ўсишмади. Лекин барибир, қийинчиликлар бўлди ва доимий стресс. «Олтин»ни олганимиздан сўнг анча енгилладим. Ҳаттоки, бу қувонч эмас. «Ниҳоят, содир бўлди», деган ҳиссиёт.
- Ҳаммасини ташлаб, унутиш ҳақида ўйлаганмисиз?
- Хаёллар ҳар қандай бўлиши мумкин. Лекин ғалаба қозонмасдан барчасини ташламас эдим. Мен эркакман. Бизнесда биринчи йил эмасман ва ўз характеримни биламан. Шу боис ҳам охиригача боришимни билардим.
- «Спартак»нинг хўжайини сифатидаги энг қийин даврингиз қайси?
- 2009 йили жуда ачинарли бўлган. Ўша жамоа биринчи ўринга лойиқ эди. Лекин Бистров кетди, ғалаба қозонадиган ўйинларимизда олти очко йўқотдик. Бу кутилмаганда бўлди. Ўшанда чемпионлик қўлимизда деб ўйлагандик.
- Жорий мавсум давомида ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилди. Ўшанда чўчимадингизми?
- Аленичев кетганидан то Карреранинг доимий равишда тайинланишигача бўлган вақт қийин кечди. Мухлислар ва матбуотнинг босими тинимсиз давом этди.
- Қурбон Бердиев билан музокаралар қандай кечганини айта оласизми? Бу борада гап- сўзлар кўп бўлди. Лекин барчасини биринчи оғиздан эшитмоқчимиз.
- Бу иккимизнинг орамизда қолади. У изоҳ бермайди. Мен ҳам шундай.
- Каррерага ишонса бўлишини қачон англаб етдингиз?
- Келинг, бир нарсани эсга олайлик. Унинг номзоди бехосдан юзага келганди. Бир неча йил олдин Антонио Конте билан музокара олиб борганман. У «Спартак»ни бошқаришга тайёр эди. У билан мураббийлар штаби ҳақида гаплашганмиз. Ўшанда «Каррера» фамилияси ҳам эсга олинган. Аленичевнинг штаби ўз ишини бажара олмагач, уни кучайтиришни бошладик. Шу тариқа Пилипчук ва Каррералар келиб қолишди. У аввалига жамоанинг ҳимоясига жавоб берарди.
- Бердиев номзодига умуман қайтмайсизми?
- Ҳеч қачон, «ҳеч қачон» дема. Лекин тез орада қайтмаслигим аниқ.