Янги йил кечаси Италия кўчаларида сайрга чиқиш хавфли. Соат ўн иккига бонг урганида иримчи италияликлар хонадонларида бор эски-тускини кўчага улоқтиради. Иримига кўра, шундай йўл тутса, янгисининг соҳибига айланади. “Манчестер Юнайтед” дейиш керакми ёки Моурино, хуллас, ҳар иккиси худди шу тарзда ҳужумчи Уэйн Рунига чиқиш эшикларини кўрсатиб, футболчидан воз кечди. Инглизчасига айтганда, энг узун куннинг ҳам охири бор.
Ўша кун келганида “тенгги чиқса, текин бер” қабилида иш тутди “Юнайтед”. Хўш, Руни жамоада нималар топди? Нималар йўқотди? У – юлдуз бўлди. Афсона эмас. У – яримҳимоячи бўлди. Ҳужумчи эмас. У “Эвертон” мухлиси бўлди. “Манчестер Юнайтед”нинг эмас. Тўғриси, унинг голларни қалаштириб ташлаганини эслолмайман. Премер лига тўпурарига аталган ҳайкалчани қўлига ушламагани ҳам факт. Сўнгги икки мавсумда эса ўзини анча “олдириб қўйди”. Уқубатга мубтало бўлди. Уэйн уй музейини тўлдирди. Трофейлар ютди. Бироқ карерасининг ҳаёт-мамот масаласида барибир мағлубиятга учради. Керакли юкнинг оғири йўқ, дейишади. Рунидан шундай “керакли юк” чиқмади. Пўлат пичоқ қинсиз қолмаслиги тайин. Кўчада қолгани йўқ. Йўлини топиб кетди. Аммо барибир клубни қандай тарк этгани муҳим. Афсуски, “Юнайтед”даги ўрнини йўқотиб, таркибга сиғмаганида унга бағрини очадиган жамоага равона бўлди. Эҳтимол, эскининг ўрнини янги эгаллайди, бу ҳаёт қонуни, фожеа ясаш шарт эмас, деб ҳисобларсиз. Ҳа, бу борада сиз ҳақсиз. Инкор этмайман. Лекин форварднинг йўриғи бошқача бўлди. Тамомила ўзгача. Унинг ўрни, унинг нуқтаси бошқаларга ишониб топширилди. Ҳужумчи яримҳимоя билан чекланди холос.
“Дунёдаги энг зўр футболчи бўламан, дейишдан йироқман. Тахминан Уэйн Руни даражасида ўйнайман”, деди Усэйн Болт куни кеча. Қаранг, ўттизни қоралаб қўйган атлет шундай фикрни айтишга жазм этди. Футболни ичида эмас, уни ташқарасида юрган, қўпол айтганда, профессиоанл футболнинг “ф” ҳарфини ҳам билмайдиган енгил атлетикачи бир думалаб Руни даражасидаги ўйинчига айланишга даъво қилса! Буни қандай тушуниш мумкин?